• Вс. Сен 6th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Исроил Доҳада ҲАМАСнинг юқори мартабали раҳбарларини нишонга олди – Gazeta


Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида бир нечта портлашлар содир бўлди, деб хабар бермоқда Al Jazeera. ЦАХАЛнинг айни дақиқаларда хабар беришича, Исроил ҲАМАС гуруҳининг «олий раҳбариятига аниқ зарбалар йўллади», аммо хабарда ҳужум манзилига аниқлик киритилмаган.

«ҲАМАС раҳбариятининг бу аъзолари йиллар давомида террорчилик ташкилоти фаолиятига раҳбарлик қилган, 7 октябрдаги шафқатсиз қирғинга бевосита масъул бўлган, Исроил давлатига қарши урушни ташкиллаштирган ва бошқарган», — дейди Исроил Мудофаа армияси.

Қайд этилишича, зарба беришдан олдин «тинч аҳолига етказиладиган зарарни камайтириш, жумладан, аниқ ўқ-дорилар ва қўшимча разведка маълумотларидан фойдаланиш бўйича чоралар кўрилган».

Портлаш содир бўлган бинода ёнғин чиққани хабар қилинди. ҲАМАС расмийсининг айтишича, унинг музокаралар гуруҳи йиғилиш пайтида нишонга олинган, деб ёзди BBC News.

Исроил зарбаси оқибатида ҲАМАСнинг Ғазо секторидаги етакчиси Халил ал-Хайя ва гуруҳ сиёсий бюроси раиси Холид Машъал ўлдирилди, деб хабар бермоқда бир неча араб ОАВ. Аммо расмий маълумот ҳозирча йўқ.

Қатар Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мажед ал Ансари унинг мамлакати Исроил ҳужумини қоралашини билдирди.

Қатар Исроилнинг пойтахт Доҳада ҲАМАС сиёсий бюросининг бир неча аъзоси яшайдиган турар жой биноларига қўрқоқларча уюштирган ҳужумини кескин қоралайди. Ушбу жиноий тажовуз барча халқаро ҳуқуқ ва меъёрларни очиқдан-очиқ бузиш бўлиб, қатарликлар ва Қатар аҳолисининг хавфсизлигига жиддий таҳдид солади, деб ёзди у.

Вазирликнинг маълум қилишича, хавфсизлик кучлари, фуқаролик мудофааси ва тегишли органлар зудлик билан ҳодиса оқибатларини бартараф этиш, аҳоли ва атрофдаги ҳудудлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича зарур чораларни кўришга киришган.

Қатар Исроилнинг бундай ўйламасдан қилган хатти-ҳаракати ва минтақавий хавфсизликнинг доимий равишда бузилишига, шунингдек, унинг хавфсизлиги ва суверенитетига қаратилган ҳар қандай ҳаракатга тоқат қилмаслигини тасдиқлайди. Тергов ишлари энг юқори даражада олиб борилмоқда, деб қўшимча қилди ал Ансари.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *