• Вт. Май 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

СИ вазирлиги, АЭС ва парламент ислоҳоти. Қозоғистон президенти мурожаатномада нималар ҳақида гапирди?



8 сентябрь куни Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев парламент палаталарининг қўшма йиғилишида халққа йиллик мурожаатнома билан чиқди. Мурожаатнома «Қозоғистон сунъий интеллект даврида: долзарб вазифалар ва рақамли трансформация орқали уларнинг ечимлари» деб номланди. Gazeta унинг асосий тезисларини келтиради.

Ташқи ва ички таҳдидлар

Тоқаев ўз нутқини дунё «бутун инсоният учун осон бўлмайдиган» «янги тарихий даврга» қадам қўйганини айтиш билан бошлади. У айрим мамлакатларнинг ички ва ташқи сиёсатида уруш ва можаролар сони кўпайгани, ўтакетган миллатчилик тенденциялари кузатилаётганини таъкидлади.

Тоқаевнинг фикрича, халқаро ҳуқуқ эрозияси «тобора сезиларли» бўлиб, бу халқаро муаммоларни ҳал қилишда БМТнинг роли ва мақомига путур етишига олиб келди. У жаҳон иқтисодий ривожланишида тенгсизлик кучайиб бораётганига ишора қилиб, баъзи мамлакатлар ортда қолаётган бўлса, бошқалари сунъий интеллект соҳасида ютуқларга эришаётганини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, бошқа таҳдидлар қаторида миллий иқтисодиётларга «улкан йўқотишлар» олиб келаётган экологик ва техноген фалокатларнинг кўпайиши, Ғарбнинг мультикультурализм концепциясининг инқирози ва миграциядаги инқироз ҳам бор.

«Глобал беқарорликка қарамай, биз ялпи рақамлаштириш ва сунъий интеллект даврида қатъий қадамлар ташладик… қанчалик қийин бўлмасин, биз, албатта, муваффақиятга эришишимиз керак. Шунинг учун барча ислоҳотларга вазминлик ва мулоҳаза билан ёндашишимиз, уларни сифатли амалга оширишга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим», — деди Қозоғистон президенти.

Сунъий интеллект вазирлиги

Тоқаев ҳукумат олдига уч йил ичида Қозоғистонни «тўлиқ рақамли мамлакат»га айлантириш вазифасини қўйди. У Рақамли кодексни қабул қилишни тезлаштириш ҳамда Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлигини ташкил этиш, шунингдек, иқтисодиётнинг барча соҳаларига сунъий интеллектни «тўлиқ жорий этиш»ни таъминлаш бўйича топшириқлар берди.

Тоқаев, шунингдек, Олмаота вилоятидаги Алатау шаҳрига ҳукуматга тўғридан-тўғри бўйсунадиган махсус мақом бериш бўйича топшириқ берди. Унинг сўзларига кўра, Alatau City минтақадаги биринчи тўлиқ рақамли шаҳар бўлиши керак — «Smart City технологияларини қўллашдан тортиб, товарлар ва хизматлар учун криптовалюталар билан тўлаш имкониятигача». «Шаҳар технологик тараққиётни яшаш учун максимал қулай муҳит билан уйғунлаштирган ҳолда Қозоғистон келажагининг тимсоли бўлади», — деди Қозоғистон президенти.

Инвестициялар

Глобал рақобатнинг кескинлашуви фонида Қозоғистон йирик инвестицияларни жалб қилиши ва «янги инвестиция цикли»ни бошлаши керак, деди Тоқаев.

Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда маблағларнинг катта қисми хомашё тармоқларига тўғри келади ва уларни қайта ишлаш саноатига йўналтириш керак.

Унинг таъкидлашича, мамлакатда инвесторлар билан ишлашнинг «каттагина ва тарқоқ» тизими шаклланган бўлиб, бу «муқаррар равишда бюрократия ва функцияларнинг такрорланишига олиб келади». «Ҳозирги мураккаб вазиятда инвестицияларни жалб қилиш биздан янги ёндашувларни талаб қиладиган биринчи даражали вазифадир», — деди президент.

Инвестицияларни оқилона тақсимлаш учун у халқаро менежерлар ва инвесторларни жалб қилишни таклиф этди.

Атом энергетикаси

Қозоғистон учун энергетикага ўтиш «бирдан-бир мақсад эмас, балки барқарор ривожланиш воситасидир», деди Тоқаев. Унинг сўзларига кўра, мамлакат иқтисодиётининг барқарор ўсиши учун битта АЭС «етарли эмас».

У иккинчи ва учинчи АЭС қурилишини режалаштиришни тезлаштириш бўйича топшириқ берди, шунингдек, Қозоғистон Хитой билан атом соҳасида стратегик шериклик тўғрисида келишувга эришганини маълум қилди.

Қишлоқ хўжалиги

Қозоғистон қишлоқ хўжалиги соҳасини «янги босқичга» олиб чиқиши керак, деди Тоқаев. У расмийлар соҳада тизимли ислоҳотлар ўтказаётгани ва «мисли кўрилмаган» миқдорда маблағ ажратаётганини таъкидлади, бироқ бу чора-тадбирлар «ҳозирча етарли эмас»лигини тан олди.

«Гап ажратилган ресурслар миқдорида эмас, балки улардан самарали фойдаланишда. Прогрессив агроиқтисодиётга ўтиш учун ҳукуматнинг аниқ режаси бўлиши керак», — деди Қозоғистон президенти.

У агроҳаблар ва логистика марказларини ривожлантиришга, тадбиркорларни эса бизнесдаги замонавий тенденцияларни тушунишга, энг янги технологиялардан, жумладан, сунъий интеллектдан фойдаланишга чақирди.

Ҳукуматнинг стратегик вазифаси, унинг сўзларига кўра, миллий озиқ-овқат бозорининг импортга қарамлигини минималлаштириш бўлиши керак. «Албатта, юз фоиз ўзини ўзи таъминлашнинг иложи йўқ ва бунга ҳожат ҳам бўлмаса керак, лекин ҳозир бизнинг бозоримизда содир бўлаётган воқеалар — уятли ҳолат», — деди у.

Президент суиистеъмолчилик ва бюрократияга йўл қўймаслик учун қишлоқ хўжалиги ерларини бериш механизмини «тубдан» ўзгартиришни буюрди. Ерни тақсимлаш бўйича қарорлар аукционлар асосида рақамли форматда қабул қилиниши керак, дея қўшимча қилди Тоқаев.

Шунингдек, сунъий интеллект ёрдамида қишлоқ хўжалиги ерларини сунъий йўлдош орқали мониторинг қилиш, ер ресурсларининг ягона рақамли харитасини яратиш талаб қилинди.

Транспорт ва логистика сектори

Қозоғистон транзит салоҳиятини кенгайтириш учун катта захираларга эга, деди Тоқаев. Барча транспорт йўналишлари — «Шимол — Жануб», «Шарқ — Ғарб», Транскаспий — «мамлакатга сезиларли даромад олиб келадиган ягона тизим сифатида ишлаши керак», — деди у. Шунингдек, Афғонистонда «Турғунди — Ҳирот» йўналиши бўйича темирйўл қуриш ва Покистон бозорига чиқиш истиқболлари режалаштирилмоқда.

У мамлакатдаги улуши атиги 7 фоиз атрофида бўлган контейнер ташувларини кўпайтириш, шунингдек, барча транспорт турларини ҳисобга олган ҳолда рақобатбардош тариф сиёсатини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди.

«Юк ташувчилардан барча жараёнлар чўзилаётгани ҳақида кўплаб шикоятлар келиб тушмоқда. Амалда ҳар бир хизматни турли рақамли тизимлар орқали расмийлаштиришга тўғри келади, баъзи жойларда эса эски тартибда қоғозлар билан югуришга тўғри келади. Айрим чегара ва божхона постларида сифатли интернет таъминоти йўлга қўйилмагани эътирозларга сабаб бўлмоқда. Вазиятни зудлик билан тузатиш керак», — деди Қозоғистон президенти.

Шунингдек, у ҳукуматни аэроузелларни фаолроқ ривожлантиришга, уларни глобал логистика занжирларига қўшишга чақирди. Бундан ташқари, Тоқаев экспресс юкларни ташиш сегментини ташкиллашда «тартиб ўрнатиш»ни талаб қилди.

Уй-жой коммунал хўжалиги ва сув ресурслари

Қозоғистон уй-жой коммунал хўжалиги инқирозли ҳолатга келди, деди Тоқаев. Унинг сўзларига кўра, давлат ва бизнес ҳамкорлигисиз уй-жой коммунал хўжалигини модернизация қилиш мумкин эмас.

«Шунинг учун давлат соҳани назорат қилиш ва тартибга солиш билан шуғулланиши керак, инфратузилмани модернизация қилиш, технологияларни жорий этиш эса хусусий секторнинг вазифасидир. Ҳокимият тузилмалари асосан рақамли воситалардан фойдаланган ҳолда инфратузилма лойиҳаларининг шаффофлигини таъминлаши шарт, бу эса фуқароларнинг ҳукумат ва ҳокимликларга бўлган ишончини мустаҳкамлайди», — деди Қозоғистон президенти.

Унинг таъкидлашича, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида истеъмолни рағбатлантириш учун янги экологик ва санитария-гигиена меъёрларини белгилаш керак.

«Табиий ресурсларни, айниқса, сувни тежаш маданиятига келсак, тан олиш керак, бу билан катта муаммолар бор. Бу фуқаролар, айниқса, ёш авлод ўртасида тушунтириш, ҳатто мафкуравий ишларнинг алоҳида йўналишидир. Ҳозирнинг ўзидаёқ биз табиий сув танқислигига дуч келмоқдамиз, истеъмол маданияти даражаси эса талаб даражасида эмас», — деди Тоқаев.

Унинг сўзларига кўра, сув саноати миллий рақамли трансформациянинг асосий йўналишларидан бирига айланиши керак. У сув ресурсларининг ягона рақамли платформасини яратиш, сув тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш бўйича топшириқлар берди.

Инсон капитали

Ҳукумат чет элдан, миллатидан қатъи назар, мамлакат ривожига ҳисса қўша оладиган кучли мутахассисларни жалб қилиши керак, деди Тоқаев. «Улар Қозоғистонда қолиши учун шароит яратиш керак, чунки бизга малакали мутахассислар жуда зарур», — дея қўшимча қилди у.

Тоқаевнинг сўзларига кўра, давлат шундай шароит яратиши керакки, одамлар «ишлаб чиқариш жараёнига қўшилишга интилсин». «Асосий вазифалардан бири — ишчи касб эгаларининг обрўсини ошириш, уларнинг меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш», — деди у.

Шунингдек, у вазирларга ички ва ташқи миграция оқимларини ҳисобга олишнинг ягона рақамли тизимини жорий этиш бўйича топшириқ берди.

Парламент ислоҳоти

Тоқаев мамлакат парламентини бир палатали қилишни ва бу масалани референдумга қўйишни таклиф қилди.

«Ўзим ҳам 10 йил давомида Сенатга раҳбарлик қилишимга тўғри келган ва бу ишни ҳар доим катта шараф ва масъулият деб билганман. Шунинг учун бу минбардан туриб парламент ислоҳоти ҳақида гапириш мен учун осон эмас. Шунга қарамай, яқин келажакда мамлакатимизда бир палатали парламент тузиш таклифини айнан бугун билдирмоқчиман», — деди Қозоғистон раҳбари.

Унинг таъкидлашича, бу жуда жиддий масала ва ислоҳот фуқаролик секторида, экспертлар муҳитида, шунингдек, амалдаги парламентда муҳокама қилиниши керак. Шундан сўнг 2027 йилда референдум ўтказиш мумкин, деди Тоқаев.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *