Ўзбекистон Марказий банки таҳлилларига кўра, август ойида Ўзбекистонда умумий инфляция даражаси 0,1 фоиз бандга пасайиб, йиллик 8,8 фоизни, базавий инфляция даражаси эса 7,6 фоизни ташкил этди.
Августда инфляция кўрсаткичи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан (0,5 фоиз) бироз паст шаклланди. Ой давомида озиқ-овқат маҳсулотлари ўртача 0,6 фоизга (ўтган йилнинг август ойида — 0,5 фоиз), ноозиқ-овқат маҳсулотлари ва хизматлар 0,3 фоизга (мос равишда — 0,7 ва 0,4 фоиз) қимматлашди.
Инфляция ўсишида энергия нархлари ошиши асосий роль ўйнамоқда
2025 йил январь-август ойларида умумий инфляция даражаси ўтган йилга нисбатан пастроқ шаклланди. Регуляторнинг изоҳлашича, умумий инфляция кўрсаткичининг ўтган йилга нисбатан 4,5 фоизгача пасайиши жорий йилда энергия нархлари таъсири ўтган йилга нисбатан пастроқ экани билан изоҳланади.
Январь-август ойларида асосий гуруҳлар кесимида озиқ-овқат маҳсулотлари инфляцияси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан сезиларли юқори шаклланиб, 1,3 фоизни ташкил этган. Ноозиқ-овқат маҳсулотлари инфляцияси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,6 фоизгача секинлашган.
Хизматлар инфляцияси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан сезиларли даражада — 12 фоизгача пасайган. Шунга қарамай, энергия нархлари кўтарилиши ҳисобига хизматлар гуруҳининг инфляция ўсишидаги ҳиссаси юқорилигича қолмоқда.

Айни пайтда, энергия нархлари ўсишининг бирламчи таъсирисиз умумий инфляция даражаси (базавий инфляция) июль ойига нисбатан бироз пасайиб, 7,6 фоизга тенг бўлди. Базавий инфляция кўрсаткичи йил бошига нисбатан 0,4 фоиз бандга (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан — 0,6 фоиз бандга) юқори шаклланди.
Базавий инфляция — мавсумий ва маъмурий хусусиятга эга бўлган омиллар таъсирида бўлган айрим товар ва хизматлар нархларининг ўзгаришини ҳисобга олмаган ҳолда ҳисобланадиган инфляция.
Мева-сабзавотлар инфляцияси ўсиши умумий инфляция пасайишига тўсқинлик қилмоқда
Сўнгги уч ойда умумий инфляция асосий таркибий гуруҳлари базавий инфляциясида пасайиш кузатилмоқда. Шунга қарамай, озиқ-овқатлар ҳамда хизматлар базавий инфляцияси йил бошига нисбатан бироз яқори, фақат ноозиқ-овқатлар базавий инфляцияси сезиларли паст шаклланган. Айни пайтда, хизматлар базавий инфляцияси 10 фоиздан юқорилигича қолмоқда.

Умумий инфляциянинг пасайишига мева-сабзавотлар инфляциясининг ошиб бораётгани тўсқинлик қиляпти. Мева-сабзавотлар базавий инфляция даражаси май ойидан бошлаб нисбатан кўтарила бошлаган, август ойида эса сезиларли ўсиш кузатилган. Натижада озиқ-овқатлар базавий инфляцияси пасайиши умумий инфляция кўрсаткичида акс этмаган.

Гўшт нархлари ўзгариши озиқ-овқатлар инфляциясига таъсир этувчи асосий омил бўлиб қолмоқда
Январь-август ойларида озиқ-овқатлар ва хизматлар базавий инфляцияси умумий инфляция даражасига оширувчи, ноозиқ-овқатлар базавий инфляцияси эса пасайтирувчи таъсир кўрсатди. Хусусан, йил бошига нисбатан озиқ-овқатлар базавий инфляцияси 1,7 фоиз бандга ошиб, йиллик 7,6 фоизни ташкил этди. Ноозиқ-овқатлар базавий инфляцияси йил бошига нисбатан 0,9 фоиз бандга пасайиб, йиллик 5,4 фоиз бўлди.

Йил бошидан буён озиқ-овқатлар базавий инфляцияси ўсишида гўшт маҳсулотлари, тухум, ёғ ва мой нархларининг кўтарилиши асосий роль ўйнади. Апрель ойидан гўшт нархларининг барқарорлашиши озиқ-овқатлар базавий инфляцияси секинлашишига хизмат қилди. Августдаги пасайиш асосан гўшт маҳсулотлари нархларининг ўзгариши ҳисобига юз берди.
Аввалроқ Миллий статистика қўмитаси бозорларда мол гўштининг арзонлаштирилган нархларда (кг учун 65−75 минг сўм оралиғида) фаол сотилиши ўртача нархга таъсир кўрсатгани ва гўшт нархлари индекси учун секинлаштирувчи таъсир кўрсатганини маълум қилганди.

Хизматлар базавий инфляцияси йил бошидан бери 1,2 фоиз бандга тезлашиб, йиллик 11,6 фоизни ташкил этди. Алоқа хизматлари ва бошқа хизматлар нархлари ўсиши хизматлар базавий инфляцияси тезлашишида асосий роль ўйнади. Айни пайтда, тиббий, маиший хизматлар ҳамда уй-жой коммунал хизматлари нархларининг сўнгги ойлардаги пасайиши таъсирида хизматлар базавий инфляцияси нисбатан секинлашди.
Палов индекси йиллик ҳисобда пасайди
Палов индекси таркибида ҳисобга олинадиган барча маҳсулотлар инфляциясида секинлашиши фонида август ойида республиканинг деярли барча ҳудудларида палов нархлари нисбатан барқарорлашди, палов индекси йиллик ҳисобда пасайди.
Палов нархларининг барқарорлашишига асосан гўшт маҳсулотлари ҳамда гуруч нархларининг нисбатан пасайиши туртки бўлди.

Августда нима энг кўп қимматлашди?
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, августда инфляция 0,4 фоизни ташкил этганига қарамай, айрим товар ва хизматлар, жумладан, асосий мева-сабзавот маҳсулотларидан тарвуз 28,7 фоизга (+9,9 фоиз), қовун 11,7 фоизга (+3,7 фоиз), карам 11,4 фоизга (+46,5 фоиз), картошка 3,5 фоизга (+32 фоиз), банан 2,8 фоизга (-7 фоиз) сезиларли даражада қимматлашган. Аи-80 бензини (+4,6%) ҳамда ёнилғининг бошқа маркалари нархи ҳам кўтарилган.
Марказий банк раиси Тимур Ишметов 2025 йил учун инфляция даражаси прогнозида энергия нархларининг апрель ойидаги ошиши ҳисобга олинганини билдирганди. Марказий банк 2025 йилда инфляция 2024 йилдаги 9,8 фоиздан 7−8 фоизгача пасайишини прогноз қилган.
«Инфляция прогнозида энергия ресурслари, коммунал тўловлар, бензин, пропан учун барча тарифлар, яъни давлат томонидан тартибга солинадиган нархлар ҳисобга олинган. Шундан келиб чиқиб, 7−8 фоизлик прогноз қилинган», — деганди Ишметов.
