10 сентябрга ўтар кечаси Польша Россиянинг Украинага йирик ҳаво ҳужуми пайтида ўз ҳаво ҳудудига 19 та объект кирганини ва баъзилари уриб туширилганини маълум қилди. Бош вазир Дональд Туск НАТО шартномасининг тўртинчи моддасини фаоллаштиришини айтди, унга кўра, альянс аъзолари ўз иттифоқчилари билан маслаҳатлашувлар ўтказишни талаб қилиши мумкин, деб ёзмоқда Reuters.
Қайд этилишича, бу НАТО аъзоси бўлган давлат Украина урушида биринчи марта ўт очган ҳолат бўлди. Reuters маълумотларига кўра, НАТО содир бўлган воқеани альянсга «ҳужум» деб ҳисобламайди.
Дронлар ҳужуми туфайли тўртта, жумладан, Варшавадаги иккита аэропорт вақтинча ёпилди. Тўрттагача дрон Польша ва НАТО самолётлари томонидан уриб туширилган. Ҳарбий амалиёт якунлангач, аксарият аэропортлар қайта очилган.
Польша ИИВнинг таъкидлашича, мамлакатда еттита дрон ва тахминан битта ракета қолдиқлари топилган.
Польша тезкор қўмондонлиги мамлакат ҳаво ҳудудидаги дронларни «фуқароларимиз хавфсизлигига ҳақиқий таҳдид туғдирган тажовузкор ҳаракат» деб атади. Мамлакат аҳолисидан уриб туширилган дронларга яқинлашмаслик сўралди.
Бош вазир Дональд Туск эса НАТО бош котибини содир бўлаётган воқеалар ҳақида хабардор қилганини айтди. Ҳукуматнинг фавқулодда йиғилиши чақирилди. «Польша оператив қўмондонлиги ва НАТО учувчиларимизга Россия дронларини Польша осмонида уриб туширгани учун миннатдорлик билдираман ва табриклайман. Ҳаракатлар сўзлардан кўра баландроқ гапиради», деб ёзди Туск Х да.
Польшага кириб келган дронлар Украинага уюштирилган сўнгги йирик ҳаво ҳужумининг бир қисми бўлган, у ерда Россия бир кечада 415 та дрон учирганди, деб қўшимча қилди BBC.
Муваққат ишлар вакили Андрей Ордашнинг РИА Новостига маълум қилишича, Варшава Россияда ишлаб чиқарилган учувчисиз учиш аппаратлари ҳақидаги тасдиқларни тақдим этмаган. «Биз айбловларни асоссиз деб ҳисоблаймиз. Бу дронлар Россияда ишлаб чиқарилганига ҳеч қандай далил келтирилмаган», — деди дипломат. Ордаш Польша Ташқи ишлар вазирлигига чақирилган. Варшава биринчи марта Москвани ҳаво ҳудудини бузганликда асоссиз айблаётгани йўқ, деб қўшимча қилди РИА Новости.
Украина президенти Зеленский Польшага «камида саккизта зарба берувчи дрон» йўналтирилганини айтиб, эскалацияни «Европа учун ўта хавфли прецедент» деб атади.