Ўзбекистонда ёшга доир пенсияга чиқишнинг ёш чегарасини босқичма-босқич ошириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 10 сентябрь куни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижрочи директори Муродбек Атаджанов маълум қилди, дея хабар бермоқда Spot.
Лойиҳага кўра, пенсия ёшини эркаклар учун 60 ёшдан 63 ёшга, аёллар учун 55 ёшдан 58 ёшга ошириш таклиф қилиняпти. Ёш чегарасини оширишни ҳар йили ярим йилга кўтариш орқали босқичма-босқич амалга ошириш режалаштирилган.
Атаджановнинг таъкидлашича, дунёнинг бир қатор мамлакатларида пенсия ёши чегараси 65 ёшдан юқори. Ўзбекистон 1993 йилда «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонун қабул қилинганидан бери пенсия ёши ўзгармаган кам сонли давлатлардан бири бўлиб қолмоқда.
«Фақат Ўзбекистон қолди, бошқа давлатлар эса пенсия ёшини аллақачон оширган», — дейди у.
Пенсия жамғармаси вакилининг сўзларига кўра, мамлакатда умр кўриш давомийлиги ўсиб бормоқда ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, ўртача 75 ёшга етади. Илгари пенсионерлар пенсияга чиққандан кейин ўртача 8−9 йил умр кўрган бўлса, ҳозирга келиб бу кўрсаткич эркакларда 12,5 йил ва аёлларда 20 йилни ташкил этмоқда.
У, шунингдек, пенсия ёшини ошириш бўйича қарор ҳали қабул қилинмаганини қайд этди. Аҳолининг таклифларини йиғиш мақсадида махсус платформа ишга туширилиши режалаштирилган, бунинг учун бир ой вақт ажратилади. Келиб тушган ғоялар таҳлил қилингач, ислоҳот лойиҳаси такомиллаштирилади ва журналистлар ҳамда блогерлар иштирокида муҳокамага қўйилади.
Шунингдек, Атаджанов пенсия ёшини йилига олти ой эмас, уч ойга ошириш каби юмшоқроқ сценарий ҳам кўриб чиқилишини қайд этиб ўтди. Бундай ҳолда, бир йилга ошириш тўрт йил давом этади ва бутун ислоҳот 12 йилга чўзилади.
Пенсия ислоҳоти
Ўтган йилнинг июль ойида Стратегик ислоҳотлар агентлиги Ўзбекистонда норасмий бандлик юқорилиги сабабли пенсия тизими қамрови атиги 38 фоизни ташкил этишини маълум қилган эди. Бошқа мамлакатларга нисбатан бадаллар даражаси юқори эканига қарамай (12−25%), тўловлар ўртача даражада сақланиб қолмоқда. Агентлик ўшанда мамлакат пенсия тизимини муносиб тарзда ташкил қилиш қилиш имкониятларини ўрганиб чиққан.
2024 йил декабрь ойида Ўзбекистонда пенсия ислоҳоти бўйича семинар ўтказилди ҳамда шу семинар доирасида концептуал ҳужжатни тайёрлаш бошланди. Уни мамлакат президентига 2025 йил сентябргача тақдим этиш режалаштирилган (дастлаб 2025 йил 1 мартгача тақдим этиш режалаштирилган эди).
2023 йил апрель ойида Жаҳон банки «Ўзбекистонда инсон капитали ва сув хўжалиги инфратузилмасига давлат харажатлари самарадорлигини ошириш» ҳисоботида мамлакатга пенсия ёшини оширишни таклиф қилганди.
Ҳисоботда қайд этилишича, қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб уни амалга ошириш бошлангунга қадар пенсия ёши арафасидаги ишчи-ходимларга ўз режаларини ўзгартиришлари учун мослашишга вақт бериш мақсадга мувофиқ.
Халқаро валюта жамғармаси ҳам Ўзбекистоннинг амалдаги пенсия тизими ислоҳотларни талаб қилишини таъкидлаган. Таклифлар орасида пенсия ёшини ошириш, имтиёзли ставкаларни бекор қилиш ва тўловларни автоматик индексациялашга ўтиш бор. Пенсия ислоҳоти концепцияси лойиҳаси президентга сентябргача тақдим этилиши керак.
