• Ср. Апр 22nd, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Grand Mir бузилиб, унинг ўрнида бошқа меҳмонхона қурилади – Ўзбекистон янгиликлари – Gazeta


Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси лойиҳаси бўйича Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманидаги Grand Mir (собиқ «Россия») меҳмонхонаси ўрнида бошқа меҳмонхона қурилади. Бу ҳақда Gazeta’га пойтахт ҳокимлигидаги манбаси маълум қилди. Унда айтилишича, бинога хусусий шахс эгалик қилади ва у қонун доирасида ўз мулкидан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Бошқа тафсилотлар очиқланмади.

Эслатиб ўтамиз, июнь ойи охирларида ижтимоий тармоқларда Grand Mir меҳмонхонаси бузилиши ва унинг ўрнида учта бино, жумладан, 30 қаватли бизнес-марказ ва кўнгилочар савдо маркази қурилиши ҳақида хабарлар тарқалганди. Лойиҳанинг бош пудратчиси сифатида фойдаланувчилар норасмий маълумотларга асосланиб, Koç Construction компаниясини тилга олган. Июль ўрталарида блогер Никита Макаренко Grand Mir Hotel ходимларига таяниб, сентябрь ойидан бошлаб икки блок, 9 қават ва 126 хонани ўз ичига олган меҳмонхона ёпилиши ва кейинчалик бузилиши ҳақида маълумот берганди.

Design Factory лойиҳаси. Фото: Эффект Макаренко /Telegram

Spot хабарига кўра, архитектура концепциясини Design Factory компанияси ишлаб чиққан бўлиб, у ҳам Koç Construction билан бирга Sarıkoç холдинги таркибига киради. Podrobno.uz маълумотларига қараганда, Design Factory вакили Шавкат Абдуллаев меҳмонхонани бузиш ишлари сентябрь ойида бошланиши ва йил охирига қадар якунланишини тасдиқлаган. Gazeta компаниянинг колл марказига мурожаат қилди, бироқ таҳририят изоҳ олиш имконига эга бўлмади. Қайд этиш жоиз, меҳмонхоналарни онлайн банд қилиш хизмати — Booking.com сайти маълумотларига кўра, бугунги кунда меҳмонхона хоналарини банд қилиш имконияти мавжуд.

20 август куни меҳмонхона жойлашган «Боғсарой» маҳалласи аҳолиси давлат органларига жамоавий мурожаат ва петиция йўллаб (ҳужжатлар таҳририят ихтиёрида мавжуд), ижтимоий тармоқларда олдин эълон қилинган лойиҳага кўра мажмуа қурилишига йўл қўймасликни сўради. Мурожаатни 2727 киши имзолаган. Нусхалар Президент халқ қабулхонасига, Вазирлар Маҳкамасига, Бош прокуратурага, Қурилиш вазирлигига, Тошкент шаҳар ҳокимлигига ва шаҳар кенгашига юборилган.

Мурожаатда шаҳар аҳолиси мазкур лойиҳа шаҳарсозлик, санитария ва сейсмик меъёрларни бузиши, шунингдек, 2045 йилгача бўлган Тошкент бош режаси қоидаларига зид эканини таъкидлаган. Ҳужжатда қайд этилишича, адвокат Сабина Сиддиқова сўровига жавобан «ТошкентбошпланЛИТИ» лойиҳа институти ушбу меҳмонхона жойлашган ер майдони реконструкция зонасига киришини маълум қилган. Шу билан бирга, унга батафсил режалаштириш ишлаб чиқилмаган. Тасдиқланган бош режага кўра, ушбу ҳудудда беш қаватдан баланд бўлмаган бинолар қурилишига рухсат берилади.

grand mir, петиция

Бундан ташқари, аҳоли маҳалла инфратузилмасининг аллақачон ортиқча юклама олаётганини таъкидламоқда. Мурожаатда қайд этилишича, бинолардан фойдаланиш айниқса электр таъминотидаги оғир вазиятни янада кучайтиради.

Алоҳида эътибор мурожаатда кўкаламзорлаштириш масаласига қаратилган. Унда президентнинг экологик барқарорликни таъминлаш тўғрисидаги фармойишига мувофиқ, баландлиги 12 метрдан юқори бўлган ҳар қандай янги объектда ҳудуднинг камида 25 фоизи кўкаламзорлаштирилиши шартлиги айтилган. Бироқ, лойиҳанинг визуал концепцияларида ушбу меъёрга риоя этилмаган.

«Биз режалаштирилган қурилишга қарши овоз берамиз, бу орқали муносиб атроф-муҳитда яшаш ҳуқуқимизни мустаҳкамлаймиз», — дейилади петицияда.

Аҳолида сейсмик хавфсизлик ҳам ундан кам бўлмаган даражада хавотир уйғотмоқда. Петицияда таъкидланишича, сейсмик хавфсизликнинг IV тоифасига кирувчи «учта ўттиз қаватли» бинодан иборат мажмуани зич турар жой массивларида жойлаштириш тақиқланган. Бундай лойиҳалар шаҳарсозлик кодекси меъёрларини бузади ва зилзила содир бўлган тақдирда аҳолига бевосита таҳдид солади.

grand mir, петиция

Мурожаатларда фуқаролар лойиҳа жамоат эшитувларисиз амалга оширилаётгани, бу эса «белгиланган тартибнинг қўпол равишда бузилиши» эканини таъкидламоқда. Аҳоли очиқ эшитувлар ташкил этилишини ва лойиҳа омма учун очиқ манбаларда эълон қилиниши талаб қилмоқда, шунда жамоатчилик қурувчи компания мажбуриятлари билан танишиб, хатарларни баҳолаши мумкин бўлади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *