Шавкат Мирзиёев 10 сентябрь куни молиявий технологиялар соҳасини ривожлантириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди, деб хабар бермоқда президент матбуот хизмати.
Бугунги кунда дунёда молиявий технологиялар бозори ҳажми 2025 йил 300 миллиард доллардан, 2030 йилга бориб, 600 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда.
Йиғилишда Ўзбекистонда ҳам мазкур йўналишда катта имкониятлар борлиги қайд этилди. 2018 йилда FinTech корхоналари 24 та бўлган бўлса, ҳозирги кунда 103 тага етган. Жорий йил маҳаллий корхоналар 260 миллион доллардан зиёд хорижий инвестиция жалб қилган, бу ўтган йилга нисбатан 4 баробар кўп.
Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида 1 мингта стартапни қўллаб-қувватлаш, «Open banking» тизимини жорий қилиш, молиявий технологияларни ривожлантириш бўйича беш йиллик стратегия ишлаб чиқилиши айтилган эди. Тақдимотда мутасаддилар шу борадаги режалар ва таклифлар юзасидан ахборот берди.
Таъкидланишича, стратегияни пухта ишлаб чиқиш учун, аввало, меъёрий-ҳуқуқий база, молиявий технологияларнинг ҳозирги ҳолати, инфратузилма ва кадрлар масаласи таҳлил қилинмоқда. Сингапурлик экспертлар жалб этилиб, халқаро тажриба ўрганилмоқда.
Шу асосда бу соҳадаги миллий тамойиллар шакллантирилади, институционал архитектура ва идоралараро ҳамкорлик тартиби белгиланади. Якуний мақсад — барқарор, инклюзив ва рақобатбардош молиявий хизматлар экотизимини яратиш, дейилади хабарда.
Тақдимотда бугунги кунда молия бозорини сунъий интеллект ва блокчейн технологияларисиз ривожлантириб бўлмаслиги ҳам таъкидланди. Таҳлилларга кўра, булар орқали банклар даромадини 20 фоизга, молиявий хизматлар ҳажмини 30 фоизга ошириб, хавфларни 15 фоизга камайтириш мумкин.

Давлат раҳбари банкларнинг технологик имкониятларини кенгайтириб, рақамли хизматларни кўпайтириш бўйича кўрсатма берди. Соҳада муваффақият мезонларини аниқлаш ва бошқариш мақсадида Марказий банкда Финтех офиси фаолиятини йўлга қўйиш бўйича вазифалар белгиланди.
Стартаплар акселерацияси, янги ғоялар ва инвестицияларга шароит яратиш учун инновацион хаб ташкил қилиниши маъқулланди. Бу чора-тадбирлар келгусида Ўзбекистоннинг минтақавий финтех марказига айланишига хизмат қилиши кутилмоқда.
Марказий банк раиси Тимур Ишметов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида регулятор стартаплар билан фаол ҳамкорлик қилиш, зарурат туғилганда қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш, очиқ банк тизимини жорий этишни жадаллаштириш ва ўз инфратузилмасини рақамлаштириш ниятида эканини айтди.
Унга кўра, Марказий банк финтех лойиҳаларига хорижий сармояларни, жумладан, венчур капитал фондларини жалб қилишга ҳам кўмаклашади. Президент Марказий банкни стартаплар ва финтех компанияларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш учун масъул орган этиб белгилади, деди Ишметов.
Финтех соҳасида 1000 тагача мутахассисларни тайёрлаш, 100 тагача стартап ишланмаларини синовдан ўтказиш, шунингдек, Сингапур ва Бирлашган Араб Амирликларидаги тадбирларга ўхшаш финтех фестивалларини ўтказиш асосий вазифалардан бири бўлади.
