Польша ва АҚШдан оғир жиноятларни содир этганликда айбланиб, халқаро қидирувга берилган Ўзбекистон фуқаролари экстрадиция қилинди. Бу ҳақда Интерполнинг Ўзбекистондаги Миллий марказий бюроси хабар бермоқда.

Польшадан Ўзбекистонга экстрадиция қилинган фуқаро зўрлаш жиноятини содир этгани учун Интерпол орқали халқаро қидирувда бўлган.

У Польша ҳудудида қўлга олинган, зарур тартиб талаблари амалга оширилгач, кейинчалик жиноий жавобгарликка тортиш мақсадида Интерполнинг Ўзбекистондаги Миллий марказий бюроси ходимларига топширилди, дейилади хабарда.

Шунингдек, АҚШ Интерпол каналлари орқали ўта йирик миқдордаги фирибгарлик учун қидирувда бўлган жиноятчини Ўзбекистонга топширди. У АҚШда қонуний қолиш ҳуқуқига эга бўлмагани учун Ўзбекистонга депортация қилинган 39 нафар фуқаро орасида бўлган.

Қайд этилишича, жиноятчи Тошкент халқаро аэропортига етиб келгач, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга етказиш ва содир этилган жиноятлар учун жавобгарликка тортиш учун Интерпол Миллий марказий бюроси ва Республика Ички ишлар органлари ходимлари томонидан кутиб олинган.

Август бошида иқтисодий ва мулкий жиноятларни содир этгани учун қидирувда бўлган уч шахс БААдан Ўзбекистонга экстрадиция қилинган эди. Кейинроқ эса солиқларни тўлашдан бўйин товлаш, ўта йирик миқдордаги фирибгарлик ва бошқа жиноятларда айбланаётган 4 нафар ўзбекистонлик АҚШ ва Туркиядан чиқариб юборилган эди. Августда, шунингдек, Таиланд ўта йирик миқдордаги фирибгарликда айбланиб, халқаро қидирувда бўлган фуқарони Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширганди. Сентябрь бошида эса Туркия Ўзбекистонга одам савдоси, ўта йирик миқдордаги фирибгарлик ва бошқа оғир жиноятларни содир этганликда айбланиб, халқаро миқёсда қидирувда бўлган 6 нафар шахсни топширганди.