• Вс. Апр 12th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

UzAuto Motors бозорга саккизта янги автомобиль моделини тақдим этади


UzAuto Motors яқин келажакда автомобиль бозорига саккизта янги модел чиқаришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда компания бош директори Янош Ковач YouTube`даги «Sherzodxon Qudratxo‘ja bilan…» лойиҳасига берган интервьюсида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон бозори «тўлиқ бозор иқтисодиёти»га ўтмоқда.

«Бу эса харидор учун танлов пайдо бўлганини англатади. 15 йил олдин бу ерда ишлаганимда вазият бутунлай бошқача эди. Энди бозор анча диверсификациялашган. Хитой ва Корея машиналари кириб келмоқда. Янги бренд ва моделлар пайдо бўляпти. Бу рақобат биз учун қийинчилик туғдирса-да, харидор учун фойдали», — дейди Ковач.

У соҳадаги технологиялар ҳам ўзгариб бораётгани — бозорда истеъмолчилар орасида талаб катта бўлган электромобиллар тобора кўпайиб бораётганини таъкидлади.

«Рақобат нафақат ички бозорда, балки экспортда, масалан, Қозоғистон, Озарбайжон ва бошқа мамлакатларда ҳам кучайган. Ҳар бир компания ҳар бир харидор учун курашмоқда. Шунинг учун биз ҳам стратегиямизни ўзгартиришимиз, BYD, Kia, Hyundai, Haval каби компаниялар билан рақобатлашишга тайёр бўлишимиз керак ва бу биз учун катта чақириқдир», — дея қайд этди бош директор.

Ковачнинг сўзларига кўра, UzAuto Motors яқин йилларда ўз моделлари қаторини, айниқса, SUV (sport utility vehicle ёки йирик йўлтанламас автомобиль) сегментини кенгайтиради.

SUV типидаги машиналарга мисоллар: Chevrolet Equinox, Hyundai Tucson, Kia Sportage, Toyota RAV4, Volkswagen Tiguan.

«Биз модел қаторимизни кенгайтирмоқдамиз, айниқса, SUV, яъни кенг имкониятли катта втомобиллар бозорига янги моделлар билан чиқиш ниятидамиз. Ҳозир саккизта янги моделни ишлаб чиқилмоқда ва улар тез орада бозорга тақдим этилади», — деди у.

Шунингдек, компания раҳбари экспорт стратегияси асосий йўналиш бўлиб қолаётгани ва 2025 йилнинг ўтган даврида UzAuto Motors хорижга 23 мингта автомобиль етказиб берганини таъкидлади.

«Биз Марказий Осиё — Қозоғистон, Туркманистон, Озарбайжон, Тожикистон бозорларига чиқяпмиз. Шунингдек, Мўғулистон ва Грузия каби янги бозорларни ўрганяпмиз», — деди Янош Ковач.

Cobalt янгиланиши

UzAuto Motors компанияси бош директорининг савдо ва автосервис бўйича ўринбосари Вадим Артамоновнинг маълум қилишича, компания сўнгги ойларда ишлаб чиқарилиши пасайиб бораётган Chevrolet Cobalt флагман моделининг янгиланган версиясини тайёрламоқда.

«Биз ўз флагманимиз, яъни асосий моделимиз — Chevrolet Cobalt`ни жиддий янгилаяпмиз. Жуда яқин орада бу мижозларга тақдим этилади. Унда замонавий бозор талаблари асосида бир қатор замонавиц опциялар қўшилди», — деди у.

Шунингдек, унинг айтишича, UzAuto Motors томонидан Хоразм вилоятидаги Damas заводида кичик тижорат автомобили устида ҳам иш олиб борилмоқда. Ушбу моделни йирик блокли йиғиш 2026 йилга мўлжалланган.

Шу йилнинг май ойида президент 100 млн доллар ҳисобига 7 ўриндиқли Евро-5 стандартидаги янги автомобиллар ишлаб чиқарилишини маълум қилган эди.

«Автострада» нашри ёзишича, янги Cobalt`да салон янгиланиши кутилмоқда. Унда Tracker 1 услубидаги асбоблар панели (двигатель ҳарорати датчики билан), MyLink мультимедиа тизими (Apple CarPlay ва Android Auto қўллови), круиз-контроль, рулда мультимедия бошқарув тугмалари ҳамда олд ўриндиқларни иситиш функцияси бўлади. Шу сабабли модел нархи ошиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, UzAuto Motors’нинг соф фойдаси йилнинг биринчи ярмида 27,5 фоизга камайди. Асосий пасайиш биринчи чоракда содир бўлди, бироқ ишлаб чиқарувчи иккинчи чоракда йўқотишларини қисман қоплади. Сотувлар қисқариши фонида компаниянинг бозордаги улуши пасайди, ADM Jizzakh ва BYD эса позицияларини мустаҳкамлади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *