• Ср. Авг 12th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Кредитлар рекламасида фуқароларни хатарлар тўғрисида огоҳлантириш режалаштирилмоқда



Ўзбекистонда кредитлар рекламасида хатарлар ҳақида огоҳлантириш таклиф этилмоқда. Бу ҳақда Spot Марказий банкнинг банк хизматлари истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати раҳбари Баҳодир Мирзаевга таяниб хабар бермоқда.

Марказий банк «Реклама тўғрисида»ги қонунга истеъмолчиларга зарар келтириши мумкин бўлган молиявий хизматларга оид ўзгартиришлар киритишни таклиф қилмоқда. Рекламада келгуси харажатлар ва молиявий қийинчиликлар билан боғлиқ таваккалчиликлар кўрсатилиши режалаштирилган. Масалан, кредит бўйича ўз вақтида тўлов қилинмаса, кредит тарихи бузилиши, янги кредит олиш қийинлашиши ёки шартлари ёмонлашиши, жумладан фоиз ставкаси ошиши мумкин.

«Ҳозир биз лойиҳани ишлаб чиқиш босқичида турибмиз ва рекламада қайси таваккалчиликлар очиб берилиши кераклигини аниқлаймиз. Жорий йил охирига қадар қонун лойиҳаси сифатида ўзгартиришларни таклиф қиламиз», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, қонун лойиҳаси Марказий банк томонидан реклама бозорининг регулятори ҳисобланган Рақобат қўмитаси ва Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда ишлаб чиқилади. Шунингдек, мазкур ташаббус зарурлигини асослаб, Вазирлар Маҳкамасига ёзма маълумот киритилган.

Баҳодир Мирзаев таъкидлашича, таваккалчиликлар ҳақидаги огоҳлантиришлар аудио ва телевидение рекламаларида қўлланилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Марказий банки истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган қўшимча минимал талабларни белгилайдиган қарор лойиҳасини тайёрлаб, жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилди. Унга кўра, банкларга шартнома имзоланишидан олдин қарз олувчиларга кредит билан боғлиқ эҳтимолий таваккалчиликлар тўғрисидаги чек-листни тақдим этиш мажбурияти юкланиши мумкин. Шунингдек, кредит олишга ундаш, маълумотларни олдиндан тўлдириб қўйиш, қарздорликни нафақалар ҳисобидан ундириш тақиқланиши мумкин.

Марказий банкнинг 2024 йил якунлари бўйича молиявий барқарорлик шарҳида кредитлар бўйича талаблар кучайтирилганига қарамай, Ўзбекистон аҳолисининг қарз юки юқори даражада сақланиб қолаётгани айтилган эди. Автокредитлаш соҳасида вазият яхшиланган бўлса-да, микроқарзлар бўйича хатарлар кўпайган. Бир нечта кредитга эга бўлган қарз олувчилар сонининг кўпайиши банклар ўртасида «юқиш хавфи»ни (contagion risk) ошириши мумкин.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *