Пулли тўхташ жойлари ташкил этилган кўчаларда кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи аҳоли учун махсус имтиёзлар жорий этилади. Бу ҳақда Тошкент шаҳри ҳокимлиги хабар қилди.
Бунда пойтахт аҳолиси учун резидентлик рухсатномалари жорий этилиб, рухсатнома эгалари ўз маҳалласи ҳудудидаги тўхташ жойларидан сутканинг кечки пайтидан тонггача имтиёзли шартларда фойдаланиш имконига эга бўлади. Шунингдек, кундузги вақтда ҳам муайян чегирмалар берилади, байрам ва дам олиш кунларида эса кенгроқ имтиёзлар тақдим этилади.
Ҳокимлик қайд этишича, ҳозирги кунда резидентлик рухсатномаларини электрон тартибда олиш учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали билан интеграция ишлари олиб борилмоқда. Жараёнлар 2025 йил ноябрь ойига қадар якунланиши режалаштирилган.
«Ушбу ишлар якунланганидан сўнг, Тошкент шаҳар ҳокимининг тегишли қарори қабул қилиниб, рухсатнома бериш тартиби, амал қилиш муддати, ҳуқуққа эга бўлувчи фуқаролар тоифаси, тақдим этиладиган имтиёзлар рўйхати аниқ белгиланади», — дейилади ҳокимлик хабарида.
Қарор қабул қилинган вақтда аҳоли танишиб чиқишлари учун белгиланган тартибда эълон қилиниши таъкидланди.
Эслатиб ўтамиз, 8 майдан Тошкентда пулли автотураргоҳлар жорий этилди. Ундаги тарифлар соатига 5 мингдан 12 минг сўмгача. Ушбу автотураргоҳлар ҳақида батафсил Gazeta’нинг ушбу уч (1, 2, 3) мақоласи орқали танишишингиз мумкин.
