Тошкент шаҳри Учтепа туманидаги Лутфий кўчаси 11 сентябрдан 1 октябргача автомобиллар ҳаракати учун қисман ёпилади, деб хабар бермоқда туман ҳокимлиги матбуот хизмати. Кўчанинг Фарҳод кўчасидан Ширин кўчасигача бўлган қисмида ҳаракат бир томонлама вақтинча тўхтатилади.

Хабарда чеклов қиш мавсумига тайёргарлик доирасида 640 метр узунликдаги иссиқлик тармоқлари янгиланиши билан боғлиқлиги айтилган.

Veolia Energy Tashkent аниқлик киритишича, мазкур участкада диаметри 820 мм, умумий узунлиги 640 метр бўлган эскирган иссиқлик тармоқларини алмаштириш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу қувурлар иссиқлик ва иссиқ сув билан таъминлайди ва уларнинг янгиланиши совуқ мавсумда иситишда авариялар ва узилишларнинг олдини олиш учун зарур.

Эслатиб ўтамиз, Veolia Energy Tashkent иссиқлик тармоқларини алмаштираётгани сабабли, Сергели туманидаги Қумариқ кўчаси ҳам 10−30 сентябрь кунлари автомобиллар ҳаракати учун ёпилди.