Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида ўтказилган амалий ўқув машғулоти пайтида кичик портлаш юзага келди, дея хабар бермоқда ЎзА.
Ҳолат 10 сентябрь куни Нукус дала ўқув майдонида содир бўлган. Портлаш машғулот учун мўлжалланган портловчи махсус воситанинг детонация шнури чақнаши туфайли келиб чиққан.
Оқибатда иштирокчилардан 10 га яқин ҳарбий хизматчи турли даражадаги тан жароҳатлари олган. Уларга вақтида биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Ҳозирда кўрилган зарур чоралар сабабли ҳарбий хизматчиларнинг соғлиги тикланмоқда, дейилади хабарда.
Ҳолат юзасидан хизмат суриштируви тайинланган ва мутасадди раҳбарлар томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.