Ўзбекистонда 2026 йил 15 январдан 28 февралга қадар рўйхатдан ўтказиш тадбирлари ўтказилади. Бу ҳақда 11 сентябрь куни бўлиб ўтган президентга аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш ишларини самарали ташкил этишга оид таклифлар тақдимотида маълум қилинди.
Мамлакатда умуммиллий рўйхатга олиш охирги марта 1989 йилда ўтказилган. Сўнгги йилларда бу йўналишда қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, «Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида»ги қонун қабул қилиниб, аҳолини ҳар 10 йилда, қишлоқ хўжалигини эса ҳар 5 йилда камида бир марта рўйхатдан ўтказиш белгиланган.
Шу боис 2021 йилда аҳолини, 2022 йилда эса қишлоқ хўжалигини синов тариқасида рўйхатга олиш тадбирлари ўтказилган. Лекин тўлақонли рўйхатга олишни ўтказиш учун зарур омиллар ва халқаро тажрибаларни ўрганиш ҳамда тегишли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш маълум вақтни тақозо этиши боис, бу тадбир кейинга қолдирилган эди, дейилади хабарда.
Тақдимотда халқаро тажрибадан келиб чиқиб ҳамда Жаҳон банки, ЮНФПА ва ФАО ташкилотлари иштирокида ишлаб чиқилган аҳоли ва қишлоқ хўжалигини бир вақтда рўйхатдан ўтказиш таклифи кўриб чиқилди.
Унга кўра, Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказиш тадбирлари кейинги йил январь-февраль ойларида ўтказилади. Унинг дастлабки 17 куни интернет орқали, кейинги бир ой мобайнида эса «маҳалла еттилиги» иштирокида уйма-уй юриб амалга оширилиши белгиланмоқда.
Мазкур усул орқали харажатлар сезиларли қисқариб, 1,3 триллион сўм маблағ тежалади. Шунингдек, рўйхатга олиш жараёнлари оддий ва шаффоф тарзда ташкил этилади. Саволларнинг сони аввал режалаштирилган 328 тадан 71 тага қисқартирилди.
Рўйхатга олиш натижасида Европа статистиклар конференциясининг 2020 йилдаги тавсиялари асосида 38 миллион аҳолининг таркиби ва миграцияси, оилавий ҳолати, фаолият тури, даромад манбалари тўғрисида ягона маълумотлар базаси шакллантирилади.
Бундан ташқари, Ўзбекистондаги қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш ҳолати, чорва моллари ва паррандалар сони аниқланади. Бу орқали қишлоқ хўжалигига йўналтирилаётган йиллик 25,6 триллион сўм, жумладан, 2,2 триллион сўм бюджет маблағларининг самарадорлиги, соҳадаги хизматлар ҳажми ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун зарур маълумотлар тўплами яратилади.
Рўйхатга олиш жараёнларини самарали амалга ошириш учун «маҳалла еттилиги» махсус ўқув дастури асосида тайёрланади ва рағбатлантирилади. Бунинг учун Жаҳон банки кўмагида амалга оширилаётган статистика тизимини мустаҳкамлаш лойиҳасининг маблағлари йўналтирилади.
Шунингдек, ОАВ, ижтимоий тармоқлар орқали кенг тарғибот ишлари йўлга қўйилади. Махсус кўрсатув ва видеороликлар намойиш этилиб, фуқароларнинг хабардорлиги оширилади.
«Умуман, мазкур тадбирлар аҳоли ва қишлоқ хўжалигининг реал кўрсаткичларини аниқ белгилаш, давлат дастурларини мақсадли ҳамда самарали амалга ошириш учун муҳим аҳамиятга эга бўлади», — таъкидланди президент матбуот хизмати хабарида.
Давлат раҳбари тақдим этилган таклифларни маъқуллаб, аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирларини тизимли ва сифатли амалга ошириш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 36 йилдан буён аҳолини рўйхатга олиш ўтказилмаган. Пандемия сабабли у 2022 йилдан 2023 йил ноябрига кўчирилганди. Статистика агентлиги аҳоли рўйхатини ўтказиш учун олдиндан 800 млрд сўм талаб этилишини маълум қилганди.
Аввалроқ Gazeta аҳолини рўйхатга олиш нима учун кераклиги, бу мамлакатларга қандай фойда келтириши ва узоқ муддат кечиктириш қандай оқибатларга олиб келиши ҳақида ёзганди.