Фирибгарлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар номидан алдамоқда, дея огоҳлантирди Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили матбуот хизмати.
Маълум қилинишича, омбудсманга фуқаро М.П. ўзининг эҳтиётсизлиги ва соддалиги оқибатида катта миқдордаги маблағдан маҳрум бўлгани юзасидан мурожаат қилган.
Унга кўра, фуқаро 2024 йил декабрь ойида ўзини Ички ишлар, ДХХ ва Марказий банк ходими деб таништирган шахслар таъсирида криптовалюта орқали 170 минг долларни ўтказиб юборган. Шу мақсадда у автомашинаси ва уйини сотган, жамғармаларини йўқотган, ҳатто қарзга кирган.
М.П. 2024 йил декабрида Киберхавфсизлик марказига расмий тарзда мурожаат қилгач, жиноий иш қўзғатилган ва у жабрланувчи сифатида тан олинган.
Омбудсман шикоятда кўрсатилган важларга аниқлик киритиш мақсадида ИИВга мурожаат қилди. Натижада криптодўкондан фуқаро М.П. фойдасига 115 минг доллар (1 млрд 434 млн 625 минг сўм) ундириб берилди.
Тавсиялар
Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил ўз номига фирибгарлик билан боғлиқ кўплаб мурожаатлар келиб тушиши, аммо уларнинг катта қисмида маблағларни қайтариш имкони бўлмаслигини билдирди. Бу эса бундай ҳолатларга алданмаслик ва олдиндан огоҳ бўлишни тақозо этади, дейилади хабарда.
Шу муносабат билан омбудсман фуқароларни қуйидагиларга жиддий эътибор қаратишга чақирди:
- ўзини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ёки банк ходими деб таништирган, аммо шахсий рақамлар орқали қўнғироқ қилаётган, тўлов ёки маълумот сўраётган шахсларга ишонманг;
- телефон орқали паспорт ёки ID карта, пластик карта, PIN-код, SMS-код каби шахсий маълумотларни ҳеч кимга ошкор қилманг;
- сиз танимаган шахслар криптовалюта орқали тўлов қилишга ундаса, бу ҳолатни дарҳол тўхтатинг ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилинг;
- давлат органлари, идора ва ташкилотлар ўз фаолиятини фақат расмий каналлар орқали амалга оширади. Шубҳали ҳолатларда тегишли идоранинг ишончли рақамлари орқали тасдиқ олинг.
Аввалроқ ИИВ Киберхавфсизлик маркази Decent платформаси орқали хорижий букмекерлик сайтларидаги пулларни легаллаштириш схемасини уюштирган олти киши ҳибсга олинганини хабар қилганди. Йил бошидан буён амалга оширилган битимларнинг умумий ҳажми 180 миллиард сўмдан ошган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2021−2024 йилларда кибержиноятлар оқибатида банклар ва фуқароларнинг 1,9 трлн сўмдан ортиқ маблағи талон-торож қилинган. ИИВга кўра, уларнинг асосий қисми, яъни 98 фоизи банк карталари билан боғлиқ жиноятларни ташкил қилади.
