• Ср. Ноя 12th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Беларусь ўнлаб сиёсий маҳбусни озод қилди, АҚШ Минскдан санкцияларнинг бир қисмини олиб ташлади


Беларусь АҚШ президенти Дональд Трампнинг илтимосига биноан турли фуқароликка эга 52 нафар сиёсий маҳбусни озод қилди. Уларнинг барчаси Литвага йўл олди, деб хабар бермоқда Reuters АҚШнинг Вильнюсдаги элчихонаси баёнотига таяниб. Аввалроқ Трамп Беларусь президенти Александр Лукашенкони сиёсий маҳбусларни озод қилишга чақирганди ва уларни «гаровга олинганлар» деб атаганди.

Озод этишлар тўғрисида Лукашенконинг 11 сентябрь куни Минскда АҚШ президенти вакили Жон Коул билан учрашуви якунлари бўйича эълон қилинди.

«Сўнгги пайтларда Трампни эшитиб… Уни, ўзи айтганидек, гаровга олинганлар ёки шунга ўхшаш муаммолар жуда ташвишга солади… Сиёсий маҳбуслар ва яна нималардир. Мен қарши эмасман. Келинг, бу мавзуни глобал муҳокама қилайлик», — деди Лукашенко.

«Агар Дональд озод қилинганларнинг барчасини ўз ёнига олишга тайёрлигини таъкидлаётган бўлса, келинг, глобал келишувни ишлаб чиқишга ҳаракат қилайлик. Жаноб Трамп катта келишувни яхши кўради», — дея қўшимча қилди у.

Лукашенко матбуот хизмати маҳбуслар озод қилингани ҳақидаги маълумотни тасдиқлади. Уларнинг 6 нафари Литва, икки нафардан Латвия, Польша ва Германия, бир нафари Франция ва бир нафари Буюк Британия фуқароларидир.

«АҚШ президенти ва бошқа давлатлар раҳбарларининг илтимосига кўра, Беларусь президенти томонидан яхши ният белгиси сифатида ва инсонпарварлик тамойилларидан келиб чиқиб, Беларусь Республикаси ҳудудида жосуслик фаолияти, экстремистик ва террорчилик фаолиятидаги иштироки ҳамда бошқа жиноий хатти-ҳаракатлари учун судланган бир қатор чет эл фуқароларини афв этиш тўғрисида қарор қабул қилинди», — дейилади матбуот хизмати хабарида.

«Зеркало» интернет-портали маълумотларига кўра, Беларуснинг озод қилинган фуқаролари орасида 2010 йилда президентликка собиқ номзод Николай Статкевич, файласуф Владимир Матскевич, «Беларусь головного мозга» Telegram канали асосчиси Игорь Лосик ва бошқалар бор.

АҚШ сиёсий маҳбусларнинг озод этилишига жавобан «Белавиа» авиакомпаниясига нисбатан санкцияларни бекор қилди.

«Ҳозир бу ерда мутлақо расмий равишда шуни айтмоқчиманки, биз «Белавиа»дан санкцияларни олиб ташладик. Бу расман. Мен президент Трамп билан учрашдим, унда яна бир неча ўнлаб одамлар иштирок этди. Бу қарор президент томонидан қабул қилинди ва у «буни дарҳол бажаринг» деди. Бу қарор тасдиқланиб бўлинган, бу ишга жалб қилинган барча тегишли вазирлик ва идоралар томонидан қабул қилинган. Давлат департаменти, Савдо вазирлиги, Молия вазирлиги ва бунга алоқадор бошқа ташкилотлар ҳам. Бу қарор қабул қилинди», — деди Коул Лукашенко билан учрашувдан сўнг («Белта» иқтибоси).

Коул, шунингдек, АҚШ элчихонани Минскка қайтармоқчи эканини айтди, деб ёзади «Белта».

2025 йил июнь ойида Беларусь ҳукумати АҚШ президентининг махсус вакили Кит Келлогнинг Минскка ташрифидан сўнг бир гуруҳ сиёсий маҳбусларни озод қилганди, улар орасида мамлакат президентлигига собиқ номзод Светлана Тихановскаянинг турмуш ўртоғи Сергей Тихановский ҳам бор эди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *