• Вс. Июл 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Тошкентда «Док-1 Макс» сиропи иши бўйича 3,2 млн донадан ортиқ дори йўқ қилинмоқда


Ўзбекистонда «Док-1 Макс» сиропига доир жиноий иш бўйича мусодара қилинган 3,2 миллион донадан ортиқ дори воситалари Тошкентда назорат органлари вакиллари иштирокида йўқ қилинмоқда. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюросининг (МИБ) пойтахтдаги бош бошқармаси хабар берди.

Утилизация Тошкент шаҳри судининг судланувчи С.К. (Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлигининг собиқ директори) ва бошқа шахсларга нисбатан жиноят иши бўйича ижро варақаси асосида амалга оширилмоқда.

Суд қарори билан Quramax Medical МЧЖ (дорилар импортчиси) омборлари ва божхона терминалларида сақланаётган дори воситаларини йўқ қилиш белгиланган.

Йўқ қилиниши керак бўлган дорилар орасида, тергов маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 2022−2023 йилларда камида 68 нафар боланинг ўлимига ва яна 16 бола ногирон бўлиб қолишига сабаб бўлган «Док-1 Макс» сиропи ҳам бор. Шу йилнинг июль ойида сиропни истеъмол қилиш оқибатида ногирон бўлиб қолган яна бир бола вафот этди.

Умуман олганда, қуйидагилар йўқ қилинади:

  • 811 478 дона «Док-1 Макс» таблеткалари;
  • 101 669 шиша «Док-1 Макс» сиропи;
  • 2 252 796 таблетка «Амбронол»;
  • 56 672 шиша «Амбронол» сиропи.

амбронол, мажбурий ижро бюроси, док-1 макс, дорилар утилизация, quramax

Йўқ қилиш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, санитария-эпидемиология хизмати, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси вакиллари, шунингдек, холислар иштирокида амалга оширилади.

Дорилар атроф-муҳитга ҳар қандай салбий таъсирни бартараф этадиган махсус печда ёқилди, дея таъкидлади МИБ.

Ҳозирча компенсация тўланмаган

Эслатиб ўтамиз, «Док-1 Макс» иши бўйича 2024 йил 26 февралда чиқарилган маънавий зарарни қоплаш бўйича биринчи суд ҳукми ҳалигача ижро этилмаган. Суд ҳукмига кўра, судланувчилардан 68 нафар вафот этган ва ногирон бўлиб қолган 18 нафар бола фойдасига жами 75,6 миллиард сўм ундирилиши керак.

Апелляция шикоятлари кўриб чиқилиб, биринчи инстанция ҳукми тасдиқланганидан кейин Сардор Кариевнинг онаси 2,5 миллиард сўм тўлаган, у жабрланувчилар ўртасида тақсимланган (ҳар бир оилага 20−30 миллион сўмдан). Суд ҳукми чиқарилишидан олдин у ўғлига енгилроқ жазо тайинлаш эвазига барча зарар — 75,6 миллиард сўмни тўлашга тайёрлигини маълум қилган.

2024 йил кузида ногиронлиги бўлган болаларнинг ота-оналари уларнинг аҳволи оғирлашиб бораётганини, уларга ҳеч ким етарлича эътибор бермаётганини айтиб, компенсация тўловларини тезлаштиришни сўраганди. Ўшанда соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров жабрланган болалар назорат остида эканини иддао қилган, аммо ота-оналар уни ёлғон маълумот берганликда айблаганди.

Муслима Зиёбоеванинг ўлимидан сўнг Gazeta билан суҳбатда бўлган бошқа жабрланган болаларнинг ота-оналари муносиб даволаниш учун зудлик билан товон пули тўланиши кераклигини таъкидлаганди. Улар, акс ҳолда, ногиронлиги бор болаларнинг аҳволи ёмонлашиши мумкинлигидан қўрқмоқда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *