• Вс. Ноя 16th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Ўз жонига қасд қилишни тарғиб этганлик учун жавобгарлик белгилаш вақти келди» — бош прокурор


Ўзбекистонда охирги 3,5 йил давомида вояга етмаганларга нисбатан 14 мингдан ортиқ жиноят содир этилган. Бу ҳақда 13 сентябрь куни тазйиқ ва зўравонликдан жабрланганларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашга оид конференцияда бош прокурор Ниғматилла Йўлдашев маълум қилди, дея хабар бермоқда Gazeta мухбири.

«Минг афсуски, яратилган имкониятлардан самарали фойдаланилмаётгани оқибатида жамиятда тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари ҳамон давом этмоқда. Айниқса, хотин-қизлар ва вояга етмаганларга нисбатан бундай ҳолатларнинг кўплаб содир этилаётгани ниҳоятда ташвишлидир. Масалан, сўнгги 3,5 йилда вояга етмаганларга нисбатан 14 мингдан ортиқ жиноят содир этилган. Биргина соғлиққа қарши жиноятлардан 1600 нафардан зиёд вояга етмаганлар жабрланган», — дейди у.

Бош прокурорнинг сўзларига кўра, бу турдаги жиноятларнинг битта бўлса ҳам содир этилишига ҳамма бирдек фавқулодда ҳолат сифатида қараши лозим. «Айниқса, таълим ва тарбия масканларида вояга етмаганларга нисбатан содир этилаётган жиноятлар билан мутлақо муроса қилиб бўлмайди», — дея қўшимча қилди Ниғматилла Йўлдошев.

У тазйиқ ва зўравонликка қарши кураш борасидаги ишларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида гапираркан, айрим жиҳатларга эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади.

«Биринчидан, болалар ҳуқуқлари кафолатларини белгиловчи қонунларга таълим, даволаш муассасаси ходимининг шу ерда таълим олаётган, даволанаётган шахсга нисбатан соғлиққа қарши жиноят содир этгани учун ушбу фаолият билан шуғулланишига чеклов ўрнатишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз», — деди бош прокурор.

«Иккинчидан, Жиноят кодексида васийлик ва ҳомийлик ҳуқуқларини суиистеъмол қилганлик учун жавобгарликни белгилаш вақти келди ва Бош прокуратура томонидан хорижий давлатларнинг тажрибасини инобатга олган ҳолда тегишли қонун лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилди».

Учинчидан, қўшмачилик ва фоҳишахона сақлаш жиноятлари, шу жумладан, ушбу жиноятларни таълим муассасаларининг биноларида содир этганлик учун жавобгарликни кучайтириш зарур.

«Тўртинчидан, қонунчиликда ўз жонига қасд қилиш ҳолати ва усуллари ҳақидаги маълумотларни, видеотасвирларни ошкор қилганлик ҳамда ўз жонига қасд қилишни тарғиб қилувчи маҳсулотни тарқатганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш ва бу каби маълумотларни тарқатишни чекловчи нормаларни қонун ҳужжатларига киритиш вақти келди, деган фикрдамиз», — деди Ниғматилла Йўлдошев. Gazeta «ўз жонига қасд қилиш ҳолати… ҳақидаги маълумотларни ошкор қилганлик учун» деганда айнан нима назарда тутилганига аниқлик киритишни сўраб, Бош прокуратура матбуот хизматига савол йўллади.

Бешинчидан, хотин-қизлар ва болаларга нисбатан содир этилган таҳдид ва зўравонлик билан боғлиқ ишларни тергов қилиш ва судда кўришда ягона амалиётни йўлга қўйиш талаб этилиши қўшимча қилинди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *