13 сентябрь куни Наманган вилоятидаги темирйўлнинг Чортоқ ва Уйчи бекатлари ўртасидаги кесишмада поезд Gentra билан тўқнашди. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» хабар қилди.
Қайд этилишича, Gentra ҳайдовчиси йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузган ҳолда, яқинлашиб келаётган поезд олдидан темирйўлни кесиб ўтишга уринган.
Маълумотларга кўра, машинада олти киши бўлган: беш аёл ва кичик бола. Кучли тўқнашув оқибатида машинада ҳеч ким омон қолмаган.
«Поезд машинистлари шошилинч тормозни қўллаган, аммо фожианинг олдини олишнинг иложи бўлмади. Поездга озгина зарар етган. Ушбу ҳодиса ҳайдовчиларнинг асосий хавфсизлик стандартларига риоя қилмаслиги масаласини яна бир бор кўтаради.», — дейилади хабарда.
