2025 йилнинг 8 ойида оиладаги (маиший) зўравонлик жинояти 3 фоизга, вояга етмаганларга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш жинояти эса 36 фоизга ортган. Бу ҳақда 13 сентябрь куни тазйиқ ва зўравонликдан жабрланганларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашга оид конференцияда бош прокурор ўринбосари Светлана Артикова маълум қилди, дея хабар бермоқда Gazeta мухбири.
«Жабрланувчининг танаси ёки кўнглидаги яраси тузаладими? Йўқ. Ўша қизча ёки болачанинг қалбидаги чандиқ умрининг охиригача барибир қолади. Жиноятчига нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланиб, у озодликдан маҳрум этилди ва вақт ўтиб, колониядан озодликка чиқди. У шундан кейин шаҳвоний хислатларидан воз кечадими ёки йўқми? Мана, масала қаерда? Ҳамма гап оилада», — дейди Артикова.
У зўравонликка қарши кураш масаласига психолог, сексопатолог каби экспертларни жалб қилиш кераклигини таъкидлаб, бу борада диний уламоларнинг ҳам роли ҳақида гапирди.
«Жиноят содир бўлса, маҳалла еттилиги социолог, психолог, сексолог, керак бўлса, сексопатологни жалб қилиши керак. Уламолардан илтимос қилиб қолардикки, уларнинг маърузаларида [шу каби жиноятчилик ҳолатларига] алоҳида эътибор берилса, нур устига нур бўларди. Нима бўлган тақдирда ҳам, биз мусулмон халқимиз ва уламоларнинг гапига, маърузаларига қулоқ соламиз. Қанийди, уларни эшитганларнинг 100 тадан ҳеч йўқ биттаси нотўғри ҳаракатидан қайтса. Тўрт-бешта экспертлар йиғилиб, таҳлил қилиш керак. Ижтимоий масала қаерда турибди, [жиноятчининг] руҳияти нимадан иборат? Балки у вояга етмаган бўлса ёки гармони қайнаётгандир, ўзини идора қила олмаётгандир. Ҳаммамиз ҳам инсонмиз, бу ерда кап-катта одамлар ўтирибди. Масала кўп ва буни ҳал қилса бўлади. Мамлакатимизда бундай экспертлар кўп, уларни жалб қилиш вақти келди», — дейди бош прокурор ўринбосари.
«Келинглар, биргаликда ҳар бир оиланинг [жиноятга] мойиллиги бор ёки йўқлигини ўрганайлик. Баъзи оилада ҳам жиноятчи, ҳам жабрланувчи чиқади, улар битта хонада яшашга мажбур бўляпти-ку. Мана шундай вазиятда сиз билан биз қанақа ечим топамиз? Кимдир жиноят ёки ҳуқуқбузарлик содир бўлганини айтмайди, чунки уялади. Бу ҳуқуқий тилда латент жиноятчилик, яъни ёпиқ жиноятчилик дейилади. Бундай жиноятчиликка қарши мана шу ерда ўтирган ва бу масалага бефарқ бўлмаган идора, вазирлик, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари билан биргалашиб, бир ёқадан бош чиқарайлик. Ҳеч йўқ шу жиноятчиликни камайтирайлик», — дея қўшимча қилди Светлана Артикова.
Аввалроқ Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори Мансурбек Оллоёров 2025 йилнинг январь-август ойларида 2872 нафар вояга етмаган шахс турли жиноятлардан жабр кўргани, шундан 1225 нафари (42,7 фоиз) 12 ёшгача бўлган болалар эканлигини маълум қилганди.