• Вт. Июн 16th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Тошкентнинг Шота Руставелисидаги янги велойўлак кўтарилган ва тор бўлиб чиқди. У хавфсиз ва қулай бўла оладими?


Тошкентда реконструкция қилинаётган Шота Руставели кўчасидаги велойўлак эскизларда жамоатчиликка тақдим этилгани каби бўлиб чиқмади. Унинг сатҳи йўлнинг қатнов қисмидан 20 см баландроққа кўтарилган бўлиб, меъёрларда кўзда тутилгани ҳар икки томонлама «хавфсизлик масофаси» ёки буферга эга эмас. Натижада йўлак фойдаланувчилар учун хавф ва ноқулайлик туғдирмоқда. Бундан ташқари, унда кўплаб пандуслар мавжуд.

Велосипед йўлагига биринчи бўлиб урбанист Искандар Солиев эътибор қаратди. «Ўзи тор бўлган велойўлакнинг сатҳини кўтариш нотўғри қарор деб биламан, яна ҳар бир ҳовлига кириш-чиқиш жойларида пандус ноодатий ўткир бурчак остида қилинмоқда», — деб ёзди у 8 сентябрь куни ўзининг Telegram каналида.

Реконструкция лойиҳасини ишлаб чиққан TIC Engineering компанияси директори Умид Атажанов Gazeta`га берган интервьюсида велойўлак велосипедчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кўтарилганини таъкидлади.

велойўлаклар, одамлар учун шаҳар, шота руставели кўчаси

«Автомобилларда жисмонан велойўлакка кириш имкони бўлмайди. У йўлнинг қатнов қисмидан бордюр, тротуар томонидан эса яшил зона билан ажратилган. Бу оқимларнинг аниқ чегарасини яратади», — дейди компания раҳбари.

велойўлаклар, одамлар учун шаҳар, шота руставели кўчаси

Воқеа жойида бўлган Gazeta мухбири кўчанинг бир томонида велосипед йўлаги бўйлаб бўлажак яшил ҳудуд томондан кичик ариқча қазилганини пайқади. Кўчанинг қарама-қарши томонида у йўқ. Эҳтимол, бу ерда тротуар сатҳи баландроқ бўлгани ва сувни оқизиш учун тарнов керак бўлгани учундир. Лекин велосипед йўлагидан чиқиб кетилган тақдирда, баландликдаги фарқи туфайли бу ариқча қўшимча хавф туғдириши мумкин.

велойўлаклар, одамлар учун шаҳар, шота руставели кўчаси

Жамоатчиликка тақдим этилган рендерларда велосипед йўлаги бордюр билан ажратилган, лекин буфер зоналар у ерда ҳам кўрсатилмаган эди.

Лойиҳачининг қайд этишича, велойўлакни йўлнинг қатнов қисми даражасида қолдиришнинг имкони бўлмаган.

«Акс ҳолда, у ҳимояга муҳтож бўлиб қоларди — автомобиллар ундан тўхташ жойи сифатида ёки кириш учун фойдаланиши мумкин эди. Баландлик бўйича ажратиш ҳаракат интизомига риоя қилишга имкон яратади, ЙТҲ хавфини камайтиради, пиёдалар ва велосипедчилар учун қулайликни таъминлайди», — дейди Умид Атажанов.

Лойиҳачилар таянган меъёрий ҳужжатлар ва стандартлар ҳақидаги саволга компания ишлар Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Қурилишда техник меъёрлаш маркази томонидан 2021 йилда ишлаб чиқилган Ўзбекистонда комплекс ободонлаштириш бўйича намунавий ечимлар альбомига мувофиқ олиб борилаётганини маълум қилди.

Бироқ альбомда Шота Руставели кўчасида қурилаётганига ўхшаш велосипед йўлагини кўтарилган ҳолда ташкил қилиш вариантлари йўқ. Фақат битта велосипедчига мўлжалланган кенглик бўйича талабга риоя қилинган — камида 1,2 м.

Умид Атажановнинг сўзларига кўра, велойўлакнинг чап томонида эни 50 см бўлган буфер зонаси ташкил этилиб, у велойўлакни автотураргоҳ йўлагидан ажратиб туради. Буфер зонаси чизиқлар билан белгиланади.

Юқорида тилга олинган альбомда велосипед йўлагининг ҳар икки томонида — қатнов қисмигача ҳам, пиёдалар йўлагигача ҳам — «хавфсизлик масофаси» кенглиги камида ярим метр бўлиши кераклиги белгиланган. Шу билан бирга, йўлнинг қатнов қисмидаги буфер, альбомда келтирилган расмларга кўра (қуйида берилган), велосипед йўлаги билан бир хил даражада бўлиши керак. Шота Руставели кўчасида бу талабга риоя қилинмаган.

велойўлаклар, одамлар учун шаҳар, шота руставели кўчаси

Манба: Ўзбекистонда комплекс ободонлаштириш бўйича намунавий ечимлар альбоми.

велойўлаклар, одамлар учун шаҳар, шота руставели кўчаси

Манба: Ўзбекистонда комплекс ободонлаштириш бўйича намунавий ечимлар альбоми.

велойўлаклар, одамлар учун шаҳар, шота руставели кўчаси

Манба: Ўзбекистонда комплекс ободонлаштириш бўйича намунавий ечимлар альбоми.

Шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларида велосипед йўлагидан қатнов қисмигача бўлган масофа янада кенгроқ — 0,75 м бўлиши кераклиги кўрсатилган. Велосипед йўлагининг баландлиги ҳақида ҳужжатда ҳеч нарса айтилмаган.

Тик пандуслар ҳақидаги саволга лойиҳачи уларнинг қиялиги 10 фоиз эканини билдирди. Расмлардан кўриниб турганидек, охирги асфальт қатлами ҳамма жойда ҳам ётқизилмаганига қарамай, нишаблик ва узунлик пандусдан-пандусга қараб фарқ қилади.

10 фоизли нишаблик нимани англатади?

Gazeta 10 фоизли нишаблик нимани англатиши юзасидан шахси сир тутилишини истаган шаҳарсозлик мутахассисига мурожаат қилди. Унинг тушунтиришича, бу пандуснинг ҳар 10 метр узунлигига 1 метр баландлик тўғри келишини англатади. Демак, агар кўтарилиш баландлиги 20 сантиметр бўлса, пандус узунлиги 2 метр бўлиши керак. Бундай ҳолда, қиялик бурчаги 5−6 градусни ташкил этади. Бироқ, юқоридаги суратлардан кўриниб турибдики, қиялик бурчаги бундан каттароқ.

Шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматининг таъкидлашича, велойўлак бутун кўча бўйлаб кўтарилган ҳолда қурилади. Якуний асфальт қатлами ётқизилгандан сўнг велойўлакнинг қатнов қисмига нисбатан баландлиги бироз пасаяди, деб қўшимча қилди матбуот хизмати.

Одамларни велотранспортга ўтказиш мумкинми?

Gazeta суҳбатлашган шаҳарсозлик мутахассислари ва велосипедчилар ҳокимиятнинг велосипед инфратузилмасига бўлган ҳозирги муносабати билан одамларни велотранспортга ўтказиб бўлмайди, деган фикрда.

Имконият ва молиявий манбалар мавжуд бўлишига қарамай, пойтахтда тўғри йўл тутилиши ўрнига, эски хатолар қайта-қайта такрорланмоқда. Суҳбатдошларимизнинг фикрича, асосий муаммо шундаки, пиёдалар ва велосипедчилар устуворлиги ҳақидаги баёнотларга қарамай, шаҳарда биринчи навбатда автомобиль ҳайдовчилари ҳақида қайғуришда давом этилмоқда.

Велойўлакни ўзлари фойдаланиш истагида бўлмаган одамлар лойиҳалаштираётгани ва қураётгани аниқ, деб ҳисоблайди суҳбатдошлар. Бундан ташқари, улар велосипед йўлагидан барча ёш тоифалари, жумладан, ҳозирда электровелосипед ва самокатда жуда фаол ҳаракатланаётган болалар хавфсиз фойдалана олиши кераклигини ҳисобга олмаяпти.

Доимий кўтарилиш ва тушишларни велосипед йўлагидан тўлақонли фойдаланишга имкон бермайдиган узилишларга тенглаштириш мумкин. Автомобилларга бундай муносабатда бўлишга ҳеч ким йўл қўймаган бўларди.

Қурилиш вазирлигининг юқорида тилга олинган альбомида дунёнинг турли мамлакатларида велосипед йўллари ва велополосаларни ташкил этиш бўйича кўплаб яхши мисоллар келтирилган. Лекин яратилаётган велойўлак уларнинг ҳеч бирига ўхшамайди.

Велосипед йўлакларини минимал харажатлар билан (белгилар, устунлар ва тўсиқлар ёрдамида), лекин қулай ва хавфсиз тарзда қандай ташкил этиш мумкинлигига мисоллар қуйида АҚШда олинган фотосуратларда келтирилган.

Вашингтон, АҚШнинг Колумбия округи. Сурат: Gazeta

Велосипед йўлларини фойдаланувчиларга ғамхўрлик билан ташкил қилишнинг сўзсиз намунаси сифатида Буюк Британияни мисол келтириш мумкин. Лондондан қатнов қисми даражасидаги велосипед йўлига мисол қуйида келтирилган. Бироқ Британия пойтахти ва бошқа шаҳарлардаги кўчаларнинг аксарияти автомобиллар ва велосипедлардан биргаликда фойдаланишга мўлжалланган.

велойўлаклар, одамлар учун шаҳар, шота руставели кўчаси

Тошкентда кўп йиллардан буён велосипед транспортидан фойдаланиб келаётган Gazeta мухбирининг фикрича, кўтарилган велосипед йўлагида ниҳоятда эҳтиёткор бўлиш лозим.

«Озгина чалғисангиз, автомобиль йўлига ёки яшил йўлакка чиқиб кетишингиз мумкин. Тўхташ жойи, албатта, йиқилиш пайтида хавфсизликни таъминлайди — ҳеч бўлмаганда, машина тагида қолиб кетмайсиз. Лекин велосипед йўлининг торлиги ва кўтарилгани жар ёқасида кетаётгандек ҳиссиёт уйғотиши мумкин. Яъни кимгадир, умуман, ҳаракатланишнинг ўзи қўрқинчли бўлиши мумкин», — дейди у.

8 сентябрь куни журналистнинг кўз ўнгида велосипед йўлагида кетаётган самокатчи бошқарувни йўқотиб, йўлакдан чиқиб кетди ва йиқилди.

Бундан ташқари, бир кишига мўлжалланган велосипед йўлаги қувиб ўтиш имкониятидан маҳрум қилади. Қувиб ўтмоқчи бўлган велосипедчини ўтказиб юбориш учун олдинда кетаётган киши тўхтаб, оёғини ерга қўйиши, яъни эгардан тушиши керак бўлади. Агар велойўлак қатнов қисми билан бир хил сатҳда бўлиб, ундан (устунлар, чизиқлар ёки бордюр тошлари билан) ажратилган бўлса, эгардан тушмасдан оёқни бордюрга қўйиш мумкин бўларди. Бу арзимас нарсадек туйилиши мумкин, лекин велосипедчи учун бу — вақт йўқотиш.

Велосипед йўлаги шундай қурилганки, велосипедчилар кафе, дўкон ва бошқа жойларга киришни истасалар, бунинг имконияти чекланган.

Оқибатда велосипедчилар аввалги шаҳар маъмурияти томонидан қурилган велосипед йўлаклари мавжуд бўлишига қарамай, кўп йиллардан бери қилиб келганларидек, йўллардан ёки пиёдалар йўлакларидан фойдаланишни давом эттиришлари мумкин.

Gazeta суҳбатлашган шаҳарсозлик мутахассисининг тахминича, велосипед йўлаги йўлнинг қатнов қисмидан баландроқ кўтарилганига сабаб — унинг остига ёғингарчилик канализацияси ётқизилгани. Жорий ечим билан ёғингарчилик кичик коллектор жойлашган велосипед йўлаги остидаги тешиклар орқали канализацияга оқиб тушади. Улар ҳар 10−12 метрда жойлаштирилган.

Мутахассиснинг фикрича, агар велосипед йўлаги йўлнинг қатнов қисми билан бир хил даражада ташкил этилса, сувни оқизиб юбориш учун бошқа ечим излашга тўғри келарди: велосипедчиларнинг ғилдираклари тешикларга тушиб кетмаслиги учун коллекторларни кўпроқ жойлаштириш ва уларни мустаҳкам тешикли панжара билан ёпиш керак бўларди. Эҳтимол, бу лойиҳа нархини ошириб, ишни чўзарди. Бу энг аниқ тушунтириш бўлиб туйилди.

Нима бўлганда ҳам, Тошкент яна бир марта бирданига ва тўғри иш қилиш имкониятини қўлдан чиқарган кўринади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *