• Вс. Сен 13th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ахсикент ёдгорлигида VIII асрга оид ноёб қўлёзма ва Аббосийлар зарб этган тангалар топилди


Наманган вилоятидаги Ахсикент ёдгорлигида VIII асрга оид ноёб қўлёзма ҳамда айнан шу асрга оид Аббосийлар зарб этган тангалар топилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги хабар бермоқда. Шу тариқа, Ахсикент археология парки таркибидаги Янги Ахси мажмуаси топилмалар фонди 68 та янги танга ҳамда 27 та китоб билан бойиди.

«VIII асрга оид Аббосийлар ҳукмронлиги давридаги кумуш тангалар ҳам араб ёзувидаги бежирим хатга эга. Қўлёзма китобда ҳандаса, риёзиёт, илми нужум, тиббиётга оид қимматли маълумотлар бор. Улар орасида Сомоний ва Қорахоний ҳукмдорлар даврида ҳамда 1667−1670 йилларда Швеция, 1836 йилда Буюк Британияда чиқарилган тангалар мавжуд», — дейди археопарк директори Анвар Икром.

Илк кумуш тангалар милоддан аввалги III асрда чиқарилган. Унинг юза қисми — аверсига подшонинг сурати, орқа томони — реверсига эса ҳар хил худолар, муқаддас ҳайвонлар тасвири солинган ёки подшоларнинг номи ёзилиб, тамғаси туширилган.

Таъкидланишича, Ахсикент комплекс экспедицияси Ахсида Умаршайх Мирзонинг резиденцияси ўрни — Яккайигит боғида қазишма ишларини бошлаган.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил октябрида Ахсикент ёдгорлигида археологлар томонидан иккита ноёб ерости йўллари, қадимий раковина, пол ости иситиш тизими, сопол қувурлар топилган эди.

Ахсикент ёдгорлиги — қадимий шаҳар харобаси. Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги Шаҳанд қишлоғи ҳудудида, Сирдарёнинг ўнг соҳилида жойлашган.

Тарихий маълумотларга қараганда, Ахсикат шаҳри милоддан аввалги 3−2 асрларда вужудга келган, 9−10- асрларда Фарғона водийсининг пойтахти бўлган. 1219 йил мўғуллар томонидан бутунлай вайрон қилинган. Асрнинг эски ўрнидан 5−7 км ғарбда бунёд этилган янги шаҳар Ахси 14−17 асрларга оиддир.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *