2026 йилдан бошлаб камида 15 йил стажга эга бўлган олий тоифали педагогларга ипотека кредити бошланғич бадалининг 25 фоизи қоплаб берилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 15 сентябрь куни Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида ўқитувчи ва мураббийлар билан учрашувда маълум қилди, дея хабар бермоқда президент матбуот котиби Шерзод Асадов.

Учрашувда президент педагогларни янада қўллаб-қувватлашга қаратилган янги ташаббусларни илгари сурди. Хусусан, келгуси ўқув йилида давлат олийгоҳларига ўқишга кирган педагоглар фарзандларининг контракт суммасига 30 фоиз чегирма берилади. Ўқитувчилар янги таълим технологияларини кенг қўллаши учун компьютер харидига 10 миллион сўмгача имтиёзли кредит ажратилади. Келаси йилдан педагоглар учун давлат хизматлари тўлови 2 карра камайтирилади.

Бундан ташқари, фан ўқитувчилари каби бошланғич таълим ўқитувчилари учун ҳам миллий сертификат бериш тизими жорий қилинади. Сертификат олганларга ҳар ойда 15 фоиз устама тўланади. Бакалавр босқичини имтиёзли диплом билан битириб, мактабга ишга кирганларга автоматик равишда 2-малака тоифаси, магистрларга эса 1-малака тоифаси берилади.

Шунингдек, дунёдаги ТОП-300 талик олийгоҳларга ўқишга кирган педагогларга 20 минг долларгача имтиёзли таълим кредити ажратилади. Рейтингда 100 таликка кирган мактаб ва боғча, 20 таликдаги техникум, ТОП-10 та олийгоҳ педагогларига йилига бир марта Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш учун самолёт ва поездлар чипта нархларига 15−20 фоиз чегирма берилади.

Аввалроқ техникумларнинг ўқитувчи ва усталари учун касбий сертификатлаш тизими жорий қилиниши хабар берилган эди. Шу орқали техникум устозларига миллий сертификат учун ойлигининг 30 фоизи, халқаро сертификатга эса 50 фоизи миқдорида устама тўланади. Шунингдек, илмий даража ва унвонлар учун устамалар тўлаш йўлга қўйилади.