АҚШ ва Хитой TikTok ижтимоий тармоғини АҚШлик эгасига сотиш шартлари бўйича умумий келишувга эришди, дея молия вазири Скотт Бессентдан иқтибос келтирмоқда Reuters ва CNN.
АҚШ президенти Дональд Трамп ва Хитой раҳбари Си Цзиньпин 19 сентябрь куни келишувни якунлаш учун учрашади, деди Бессент.
Ўтган душанба куни ҳам Трамп тез орада TikTok бўйича келишувга эришилишига ишора қилган эди.
«Америка Қўшма Штатлари ва Хитой ўртасида Европадаги йирик савдо учрашуви ЖУДА ЯХШИ ўтди… Мамлакатимиз ёшларини ҳақиқатан ҳам қутқармоқчи бўлаётган „муайян“ компания бўйича келишувга эришилди. Улар жуда хурсанд бўлади!», — деб ёзди Трамп Truth Social’да.
2024 йилда АҚШ Конгресси TikTok’га эгалик қилувчи Хитойнинг ByteDance компаниясидан ўзининг АҚШдаги бўлинмасини сотиш ёки АҚШдаги фаолиятини тўхтатишни талаб қилувчи қонунни қабул қилганди. АҚШ ҳукумати Хитой америкалик фойдаланувчиларнинг кенг маълумотлар базасига кира олар экан, TikTok миллий хавфсизликка таҳдид солади, деб ҳисоблайди. Пекин бу айбловларни рад этмоқда.
Трамп 20 январь куни АҚШ президенти лавозимига расман инаугурация қилинганидан бери ByteDance’га унинг АҚШдаги бўлинмасига харидор топиш учун бир нечта муддатлар берди. Июнь ойида муддат яна, бу сафар 17 сентябргача узайтирилди.
