28 октябрдан бошлаб Uzbekistan Airways Тошкент — Исломобод — Тошкент йўналишидаги мунтазам авиапарвозлар сонини ҳафтасига иккитага етказади, деб хабар қилмоқда «Дунё» ахборот агентлиги.
Айни пайтда Uzbekistan Airways Тошкент — Лаҳор — Тошкент йўналишида ҳафтасига икки марта (чоршанба ва жума кунлари), Тошкент — Исломобод — Тошкент йўналишида эса ҳафтасига бир марта — шанба куни парвозларни амалга ошириб келмоқда.
«Барча йўналишларда ҳаво кемалари йўловчилар билан тўла ҳолда учмоқда, авиачипталар эса рейсдан бир неча кун олдин тўлиқ сотиляпти. Шу боис, йўловчилар талабини қондириш ҳамда мамлакатлар ўртасида транспорт алоқаларини янада ривожлантириш мақсадида парвозлар сони ошириляпти», — дейилади хабарда.
Таъкидланишича, парвозлар сонининг кўпайтирилаётгани Ўзбекистон ва Покистон учун стратегик аҳамиятга эга қадам ҳисобланиб, икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларнинг янги босқичга кўтарилишида муҳим омил бўлади.
Таъкидлаш жоиз, сўнгг пайтларда бир қатор мамлакатлар билан авиарейслар сони оширилмоқда. Хусусан, июлда Ўзбекистон ва Россия ҳафтасига ўзаро рейслар сонини 3 баробарга ошириш бўйича келишиб олган эди. Бу ҳозирги 310 дан ортиқ парвоз 1000 дан ортади дегани.
Августда эса Ўзбекистон ва Индонезия авиация ҳукуматлари авиақатновга қўйилган чекловларни бекор қилиш ва парвозлар географиясини кенгайтиришга келишиб олди. Юк ташиш авиақатновлари учун учинчи, тўртинчи ва бешинчи ҳаво эркинликларини бериш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Хитой ўртасида келишилган авиақатновлар сонини ҳафтасига 130 тагача ошириш масаласи икки мамлакат делегациялари ўртасидаги музокараларда муҳокама қилинди. Шунингдек, Хитойга парвоз қилиш ҳуқуқига эга Ўзбекистон авиаташувчилари сонини 8 та етказиш режалаштирилмоқда.
