• Вс. Май 17th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Мактабларда 9−11-синфлар учун ягона давлат имтиҳони жорий қилинади — президент


Ўзбекистонда янги ўқув йилидан бошлаб мактабларда имтиҳонларни ўтказишнинг ягона тизими жорий этилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 15 сентябрь куни Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида ўқитувчи ва мураббийлар билан учрашувда маълум қилди, дея хабар бермоқда президент матбуот котиби Шерзод Асадов.

Давлат раҳбари мамлакат тараққиётида мактаб таълими муҳим ўрин тутишини алоҳида таъкидлади.

«Халқимизнинг келажаги мактабдан бошланади. Чунки фарзандларимизга билим ва тарбия беришнинг энг узоқ давом этадиган, керак бўлса, ҳал қилувчи босқичи бу — мактаб таълимидир», — деди у.

Ҳозирда мактабларда 6,5 млн ўқувчи таълим оляпти. Бу йил мактабларни 400 мингга яқин ўқувчи битирган бўлса, 1-синфларга 720 минг бола қабул қилинди.

Унинг сўзларига кўра, сўнгги саккиз йилда 500 га яқин янги мактаблар қурилгани, мавжудларининг кенгайгани ҳисобига 1 млн ўқувчи ўрни яратилди. 200 мингдан зиёд ўғил-қиз хусусий мактабларда ўқияпти.

Президент 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб мактаб даврида ўқувчиларнинг қобилиятига қараб, касб ёки олий таълимга йўналтириш учун 9- ва 11-синф ўқувчилари учун ягона давлат имтиҳонлари жорий қилинишини маълум қилди.

Шу орқали 400 мингга яқин 9-синф битирувчилари техникумларга қамраб олиниши кутилмоқда.

Ўқишни мактабда давом эттириб, олийгоҳга кириш истагида бўлган ёшларга фанлар танлов асосида чуқурлаштириб ўтилади. Яъни, мактабдаги якуний имтиҳон натижалари билан битирувчилар хоҳласа техникумга, истаса олийгоҳга кира оладиган бўлади, дея қайд этди Шавкат Мирзиёев.

Gazeta аввалроқ ёзганидек, бугунги кунда ўқувчилар 3 марта имтиҳон топширади: мактабни битирув имтиҳони, олий таълимга кириш имтиҳони, фанлар бўйича сертификат олиш имтиҳони. Мазкур имтиҳонларни бирлаштириш йўли билан Ягона давлат имтиҳони (ЯДИ) топширишга ўтиш ва бунинг натижасида ортиқча оворагарчиликларни олдини олиш режалаштирилмоқда.

Президент 9 сентябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда мактаб битирувчилари ўртасида касб-ҳунар таълими пастлигига эътибор қаратганди.

«Бизда 450 минг ўқувчини қабул қила оладиган 598 та техникум бор. Бу ёшлар учун жуда катта ресурс, шароит ва имконият. Лекин бу йил 9-синфни 608 минг ўқувчи битирган бўлса, уларни атиги 182 минг нафари техникумларга боряпти. Бугундан бошлаб бир йил ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш йили бўлади», — деди у.

Мутасаддилар зиммасига вилоят ва туман ҳокимлари билан биргаликда Президент ва ихтисослашган мактабда орттирилган тажриба асосида жорий йилда 598 та техникумга халқаро стандарт бўйича замонавий касбга ўқитиш муҳитини олиб кириш вазифаси қўйилди.

Вилоят ва туман ҳокимларига келгуси ўқув йилида 9-синф битирувчиларининг камида 50 фоизини, ҳозиргига қўшимча яна 200 минг ўқувчини техникумга қамраб олиш топширилди.

Бу ишларни ягона сиёсат доирасида мувофиқлаштириш мақсадида Касбий таълим агентлиги ташкил этилди.

Аввалроқ Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Ўзбекистонда 12 йиллик мактаб таълими тизимига ўтишга тайёргарлик бошлангани хақида хабар берганди. 6 ёшли болалар учун бир йиллик тайёрлов даврини мактаб таълими тизимига киритиш режалаштирилмоқда. Бу миллий таълимни халқаро стандартларга яқинлаштириши, хусусан, хорижий ОТМларга киришни осонлаштириши кутилмоқда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *