Мактабдаги каби техникумларнинг ўқитувчи ва усталари учун касбий сертификатлаш тизими жорий қилинади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида соҳа ходимлари билан мулоқот чоғида маълум қилди.

Қайд этилишча, шу орқали техникум устозларига миллий сертификат учун ойлигининг 30 фоизи, халқаро сертификатга эса 50 фоизи миқдорида устама тўланади.

Шу билан бирга, техникум директори ва ўринбосарларига мактабдаги ҳамкасбларидан кам бўлмаган ойлик қилиб берилади. Агар улар «Директорлар мактаби»да менежерлик сертификатини олса, яна қўшимча 20 фоиз устама тўланади.

Эндиликда техникумларда ҳам олийгоҳлардаги каби илмий даража ва унвонлар учун устамалар тўлаш йўлга қўйилади.

Ҳар йили 500 нафар муаллим илғор хорижий таълим ташкилотларига, яна 500 нафар усталар эса чет элдаги йирик корхоналарга стажировкага юборилади.