2025 йилнинг олти ойи давомида ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлган 34 нафар фуқаро жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби маълум қилди.

«2025 йилнинг биринчи ярмида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддасида (Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган 34 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилиб, 32 нафарига жарима ва 2 нафарига маъмурий қамоқ жазолари қўлланилди», — дейилади хабарда.

2020−2024 йиллар давомида эса ушбу модда билан 397 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилиб, 363 нафарига жарима ва 34 нафарига маъмурий қамоқ жазолари қўлланилган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддасига мувофиқ, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш, яъни уларни ғаразли ёки бошқа паст ниятларда қийноққа солиш ёки уларга азоб бериш БҲМнинг 3−5 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса ёхуд ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик вояга етмаган шахс ҳозирлигида содир этилган бўлса ёки ҳайвонларнинг ўлимига ёхуд майиб бўлишига олиб келса, БҲМнинг 5−10 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Эслатиб ўтамиз, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддаси (Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш) 2021 йилда кучайтирилган эди. Шунингдек, ўшанда Жиноят кодексига ҳам ҳайвонларга шафқатсиз муносабат ҳақидаги модда киритилганди. Унга кўра, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш уларнинг ўлимига ёки майиб бўлишига олиб келса, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса БҲМнинг 25 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима ёки 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 1 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 6 ойгача озодликни чеклаш ёки 6 ойгача озодликдан маҳрум қилиш жазолари қўлланилади.

Аввалроқ Бухорода тор қафасда сақланаётган айиқ танқидлардан сўнг каттасига кўчирилган эди. Ҳайвонлар ҳуқуқлари фаолларининг айтишича, жонивор 10 кундан ортиқ шундай шароитда яшаган.