• Сб. Июн 6th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Йил якунида Ўзбекистонда олтин қазиб олиш ҳажми 118 тоннага чиқади — президент


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 15 сентябрь куни Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида педагоглар билан учрашув чоғида фойдали қазилмалар, жумладан, олтин ва уран қазиб олиш ҳажми сезиларли даражада ошганини таъкидлади.

«Геология-қидирув ишлари бўйича янгича ёндашувларни жорий этганимиз ҳисобига олтин қазиб олиш йиллик миқдори 2016 йилда 86 тоннани ташкил этган бўлса, бу йил якунига кўра 118 тоннага чиқади. Бу даврда ураннинг ҳажми ҳам икки карра ўсди», — дея қайд этди давлат раҳбари «Ўзбекистон 24» телеканали лавҳасида.

Аввалроқ у Қорақалпоғистондаги Устюрт минтақасида рекорд даражадаги 6,5 минг метр ер қаърини бурғулаш орқали «жуда катта газ захиралари» топилганини ҳам маълум қилганди.

Жаҳон олтин кенгаши маълумотларига кўра, Ўзбекистон 2024 йилда 129,1 тонна олтин қазиб олиб (2023 йилда 119,6 тонна эди), ишлаб чиқариш ҳажми бўйича дунёда 10-ўринни эгаллаб турибди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг етти ойида Ўзбекистон олтин экспортини 7,6 млрд долларгача оширди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,8 баробар кўпдир. Мамлакат умумий экспортининг деярли 38 фоизи қимматбаҳо металларга тўғри келди.

Олтин ишлаб чиқариш ҳажми бўйича дунёда тўртинчи ўринда турувчи Навоий кон-металлургия комбинати 2024 йилда олтин ишлаб чиқаришни 3,10 миллион троя унциясига (96,4 тонна) етказди, бу 2023 йилга (2,94 миллион унция / 91,4 тонна) нисбатан 5,4 фоизга кўпдир. Бунга янги кон қазиш ва қайта ишлаш қувватларининг ишга туширилиши замин яратди.

Ўзбекистонда НКМКдан ташқари Олмалиқ КМК ва бошқа кичик компаниялар ҳам олтин қазиб олади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *