Навоий вилоятида Damas ҳайдовчиси 23 нафар боғча боласини маст ҳолатда ташиб кетаётгани аниқланди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ хабар бермоқда.

Воқеа 15 сентябрь куни Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида содир бўлган. Назорат тадбирлари давомида тўхтатилган Damas автомашинаси салонида 23 нафар бола ва ҳайдовчидан ташқари, яна 2 нафар тарбиячи ҳам борлиги аниқланди.

Фуқаро махсус ускуна ёрдамида кўрикдан ўтказилгач, маст ҳолатда эканлиги маълум бўлди. Шунингдек, унинг ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳам, автомобилни бошқариш ҳуқуқи ҳам йўқлиги аниқланди. Ташиб кетилаётган болалар орасида ҳайдовчининг ўз фарзанди ҳам бўлган.

«15 сентябрь куни қайнонамга тегишли Damas автомобилида ҳаракатланиб келаётган вақтимда Навбаҳор туман ҳокимлиги олдида ЙПХ ходимлари тўхтатди. Мастлик ҳолати аниқланди. Ҳамда ичида 25 нафар вояга етмаган боғча тарбияланувчилари борлиги аниқланди. Бир кун олдин чарчаган эдим, шунинг учун пиво ичган эдим. Автомашина ичида ўзимнинг фарзандим ҳам бор эди», — деди ҳайдовчи.

Унга нисбатан тегишли тартибда чора кўрилган ҳолда транспорт воситаси вақтинча сақлаш учун жарима майдонига жойлаштирилди.

Болалар боғчалари тарбияланувчиларини хавфсизлик қоидаларини бузган ҳолда ташиш учун етти ўринли Damas’лардан фойдаланиш анча кенг тарқалган. Май ойи бошида Денов шаҳрига (Сурхондарё вилояти) битта микроавтобусда хусусий боғчадан 32 нафар бола ташилган. Сирдарё вилоятида ҳайдовчи 28 нафар тарбияланувчини олиб кетаётган бўлган. Наманган вилояти Косонсой туманида эса Damas’да бир вақтнинг ўзида 25 нафар бола олиб кетилаётгани аниқланганди. Июнь бошида Бухоро вилоятидаги иккита Damas микроавтобусида 36 нафар боғча боласи — биринчисида 20, иккинчисида 16 нафар бола ташилган, ҳайдовчилар жавобгарликка тортилган эди.