Президент Шавкат Мирзиёев 16 сентябрь куни Наманган вилоятига ташрифи чоғида Норин туманидаги Шўрариқ маҳалласига кирди.
Давлат раҳбари матбуот хизматининг хабар беришича, маҳалланинг шароити оғир. Ички йўллар таъмирталаб, кўча чироқлари ва лотоклар йўқ. Бу ерда 5 мингдан зиёд аҳоли яшайди. 62 та камбағал оила, 118 нафар ишсиз бор, 157 одам миграцияда.
Президент оғир аҳволдаги маҳалла раиси биносини бориб кўрди ва у ерда мутасаддилар билан гаплашди.
«Биз мақтаниб Наманган чиройли, Наманган гуллар шаҳри деяпмиз, бу ер-чи? Бу ер қачон гуллар шаҳри бўлади?», — дея танқид қилди у объектни кўрсатиб.
Масъулларнинг таъкидлашича, ҳозирда вилоятдаги 54 маҳалладан 4 таси мана шундай оғир аҳволда.
Шавкат Мирзиёев вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқовга топшириқ берди: «Бугун қарор қабул қиласан — районинг ҳокими келиб мана шу ерда ётади. Бу ердаги одамлар одам эмасми?».
Шўрариқ маҳалласи раиси президентга «маҳалла еттилиги» ташкил этилгани учун раҳмат айтди.
«Ойлик оляпсиз-ку, ё олмаяпсизми? Ҳаракатларингиз сизларни бошқача бўлади, одамга яқинлашасизлар. Халқ билан давлат орасида кўприк бўласизлар, деб ҳаракат қилганман. Бу ерда қанақа „еттилик“? Қани „еттилик“?», — савол берди давлат раҳбари. Маҳалла раиси ҳудуд тез орада камбағалликдан ҳоли ҳудудга айланишини ваъда берди.
«Биласизларми, бунақа жойларимиз бизга ярашмайди, баракамиз кетади. Ота-бобомизга ҳам, Наманганга ҳам, урф-одатимизга ҳам, ўзлигимизга ҳам ярашмайди бу жойлар», — тушунтирди президент.
Шундан сўнг у маҳалла аҳли билан учрашди ва улар билан суҳбатда маҳалла номини Янги Наманган деб ўзгартиришни таклиф қилди.
«Сизларнинг маҳаллаларингиз қўштирноқ ичида жуда ривожланган бўлиб кетган экан. Мана маҳалла раисининг биносини кўрдим. Шунинг учун бугундан бошлаб маҳалла ўзгаради, маҳалланинг атрофи ҳам ўзгаради, номини ҳам ўзгартиряпмиз», — таъкидлади давлат раҳбари.
«Энди бу маҳаллани тубдан ўзгартириб, „Янги Ўзбекистон“ нафасини олиб кирамиз. Кўчалар обод қилиниб, қиёфаси янгиланади. Одамларнинг яшаши, сайр қилиб, болалари билан дам олиши учун муносиб шароитлар бўлади», — деди Шавкат Мирзиёев.
Мутасаддиларга маҳаллани намунага айлантириш бўйича кўрсатма берилди. Жумладан, унга шаҳар муҳитини олиб кириш ва тадбиркорлик учун шароитларни яхшилаш бўйича мастер-режа ишлаб чиқилади. У асосида жойлар тайёр лойиҳа ва инфратузилма билан ташаббускорларга таклиф этилади. Натижада маҳалланинг салоҳияти ошиб, атрофдаги 5 та маҳалла учун марказга айланади.
Замонавий маҳалла гузари ва сайилгоҳ қурилади, болалар ва спорт майдончалари, кутубхона, касб ва тил ўргатиш маркази, банк шохобчаси ташкил қилинади. Мактаб ва боғчалар давлат инвестиция дастури доирасида капитал таъмирланади. Кўчалар асфальтланиб, манзарали ва мевали дарахтлар, гул кўчатлари экилади. Эскирган ва ҳосилдорлиги паст боғлар тўлиқ янгиланади. Ижтимоий шартнома асосида одамлар ўз уйларини тартибга келтиради.
Президент бутун мамлакатда қуйи тизимда ишларни «жонлантириш» бўйича қарор ишлаб чиқилаётганини айтди. Туман ва маҳаллаларга янгича қиёфа олиб кириш учун бюджетдан жами 5 триллион сўм ажратилади.
Жумладан, Наманганда Косонсой ва Норин туманларига 100 миллиард сўмдан, қолган туманларнинг иккитадан «оғир» маҳалласига эса 5 миллиард сўмдан йўналтирилиб, уларни меҳнатда намунали, ҳаёти фаровон, тадбиркорликда етакчи ҳудудга айлантириш чоралари кўрилади.