• Пт. Июл 17th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда доллар курси 12300 сўмдан тушди – Ўзбекистон янгиликлари – Gazeta


Ўзбекистонда долларнинг расмий курси 2023 йил декабридан бери энг паст даражага тушди, дейилади Марказий банк маълумотларида.

Регуляторга кўра, сешанба кунги савдолар якунлари бўйича Америка валютаси 59 сўм 45 тийинга тушиб, 12 285,16 сўмни ташкил қилди. Бу 2023 йил 5 декабрдан бери минимал қиймат (12 272 сўм).

Миллий валюта курси кетма-кет уч савдо сессиясида — жами 1,3 фоизга ёки 162,19 сўмга мустаҳкамланди.

1 январдан бошлаб миллий валюта 4,8 фоизга (деярли 620 сўм) — бир доллар учун 12904,9 сўмдан 12285,16 сўмгача мустаҳкамланди. Таққослаш учун, 2024 йилнинг шу даврида сўм, аксинча, 3,2 фоизга (-390,7 сўм), 2023 йилда эса 8,3 фоизга (-928,56 сўм) заифлашган.

Шу тариқа 2025 йил динамикаси олдинги йиллардагидан сезиларли даражада фарқ қилмоқда: 2023−2024 ва олдинги йиллардаги силлиқ девальвация характеристикаси ўрнига сўм барқарор мустаҳкамланиб бораётганини кўрсатмоқда ва 21 ой ичида минимал даражага етди.

Халқаро валюта жамғармаси аввалроқ Ўзбекистон сўмга кўпроқ эркинлик бериш тавсиясига ижобий жавоб берганини таъкидлаган эди. Апрель ойидан буён миллий валюта курсининг тебраниш диапазони қарийб 4 баравар кенгайди: агар январь-апрель ойларида курс кунига ўртача 12,2 сўмга ўзгарган бўлса, 18 апрелдан кейин 47,5 сўмга ўзгарди.

Сўмнинг мустаҳкамланишига нима таъсир қилмоқда?

11 сентябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Марказий банк раиси Тимур Ишметов сўнгги пайтларда бу мавзу атрофида кўп муҳокамалар бўлаётгани учун валюта курси масаласига алоҳида тўхталиб ўтганди.

«Аввало шуни эслатиб ўтмоқчиманки, миллий валюта курси ички валюта бозорида жорий талаб ва таклиф асосида шаклланади. Марказий банк алмашув курси бўйича мақсадли кўрсаткич белгиламайди ва алмашув курси шаклланишига аралашмайди. Нисбатан қулай макроиқтисодий шароитлар валюта бозоридаги жорий тенденцияларни шакллантирмоқда», — деди Марказий банк раҳбари.

Унга кўра, 2025 йилда иқтисодиётда хорижий валюта таклифи сезиларли даражада юқори шаклланмоқда.

Январь-июль оралиғида олтинсиз экспорт қарийб 20 фоизга ошди, жами экспорт эса 20,4 млрд долларни ташкил этиб, 37 фоизга ўсди. Хорижий инвестициялар, қарз инструментлари оқими сезиларли ошиши кузатилмоқда. 2025 йилнинг биринчи яримйиллигида жами 8,5 млрд долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. Кўрсаткич 37 фоизлик ўсишни кўрсатмоқда.

Январь-август оралиғида мамлакатга 12,1 млрд доллар пул ўтказмалари келиб тушди, бу ўтган йилга нисбатан 23 фоизга кўп. Бунда банклар томонидан жисмоний шахсларга сотилган валюта ҳажми сезиларли пасайиб, валюта харидига нисбатан тафовут 5,6 млрд долларни ташкил этди.

Бундан ташкари, йил бошидан жаҳонда долларнинг бошқа валюталарга нисбатан 9−10 фоизга қадрсизланиши кузатилди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *