Шавкат Мирзиёев 16 сентябрь куни Наманган вилоятида ўтказган йиғилишида вилоятда футбол спортини ривожлантириш режалари ҳақида гапирди.

Унинг сўзларига кўра, яқинда «Навбаҳор» футбол мактабини уч йил муддатга Нидерландиянинг машҳур «Аякс» футбол академияси бошқарувига бериш бўйича келишувга эришилган.

Ушбу академиянинг 11 нафар мураббий, скаут ва методистлари Наманганга олиб келиниши режалаштирилмоқда.

«Наманганга келиб, футбол ҳақида гапирмасак бўлмайди. Наманганлик ёшлар учун футбол шунчаки ўйин эмас, бу — ҳаёт тарзи. Ҳар бир бола маҳаллада тўп тепиб катта бўлади. «Навбаҳор»нинг ҳар бир ўйини — шаҳар учун катта байрам», — деди давлат раҳбари.

Президент келажакда бу академияда дунёнинг топ клубларида ўйнайдиган, жаҳон чемпионатларида ўз маҳоратини намоён қиладиган кўплаб футболчилар етишиб чиқишига ишонч билдирди.

Аввалроқ МОҚ ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарияти Манчестер шаҳрига ташрифи чоғида City Football Group билан Ўзбекистон клубини «Манчестер Сити» ва дунёнинг бошқа 12 жамоасини ўз ичига олган халқаро тизимга интеграция қилиш имкониятларини муҳокама қилганди.