• Пт. Июн 12th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Наманганнинг насос станцияларини модернизациялаш тажрибаси бутун Ўзбекистонга татбиқ этилади


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Наманган вилояти Чортоқ туманидаги «Айқирон-1» насос станциясида бўлиб, давлат-хусусий шериклик асосидаги модернизация ишлари натижалари билан танишди.

Катта Наманган магистрал каналида жойлашган станция 815 гектар ерни суғориш имконини беради. Ускуналари эскиргани сабабли унумдорлиги паст, сув исрофгарчилиги сезиларли бўлган. Йилига қарийб 6 миллион кВт/соат электр энергияси сарфланган.

ДХШ доирасида янги энергия тежамкор агрегат ва замонавий ускуналар ўрнатилди, бу электр энергиясини 40 фоизгача тежаш имконини беради, дейилади хабарда. Шу билан бирга, насослар сув таъминоти учун катта қувватга эга бўлиб, суғориш майдонини кенгайтиради ва экинлар ҳосилдорлигини оширишга ёрдам беради.

Вилоятда 200 дан ортиқ насос станцияси мавжуд бўлиб, улардан 43 таси 10 йил муддатга «Наммоторс сув таъминот» корхонаси тасарруфига ўтказилган. Маҳаллийлаштирилган насос агрегатларини модернизация қилиш учун 40 миллиард сўм сармоя йўналтирилди.

Давлат раҳбари «Айқирон-1» мисолида икки йил муддатда вилоятдаги барча насос станцияларини янгилаш ва бу тажрибани мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам босқичма-босқич жорий этиш бўйича топшириқ берди. У нафақат ускунани янгилаш, балки малакали ишлаши ва профессионал бошқарувни таъминлаш муҳимлигини таъкидлади.

Бундан ташқари, мутасаддиларнинг айтишича, келгусида 750 дан ортиқ фермер хўжалигига қуёш энергиясида ишлайдиган кичик насослар ва томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда.

давлат-хусусий шериклик, наманган вилояти, nammotors suv taminot, насос станциялари

2023 йил апрель ойида президент ҳар йили 500 миллион доллар субсидия оладиган суғориш насос станцияларининг энергия сарфини танқид қилиб, 300 та насосни бизнес бошқарувига топширишни буюрганди.

Давлат раҳбари матбуот хизмати ўшанда сув истеъмолининг 63 фоизи насос станциялари ҳиссасига тўғри келишини маълум қилганди. Суғориш учун йилига 7 миллиард кВт/соат электр энергияси истеъмол қилинади (2025 йилда бу кўрсаткич йиллик ишлаб чиқариш 77,7 миллиард кВт/соат бўлган ҳолда 6,5 миллиардга тушгани маълум қилинганди). Сув насосларининг 80% эскиргани сабабли энергия сарфи юқори.

Бу муаммони ҳал қилиш учун 75−100 МВт қувватга эга қуёш электр станциялари ва уларнинг ёнига 50 МВт сақлаш тизимларини ўрнатган ҳолда 12 та йирик насосларни модернизация қилиш режалаштирилган. Бу насосларнинг энергия сарфини йилига 4,5 миллиард кВт/соатгача камайтиради. Бундай лойиҳаларнинг биринчиси сув таъминоти, айниқса, қиммат бўлган Қарши магистрал каналида амалга оширилади.

Nammotors Suv Taminot компанияси ҳақида

Nammotors Suv Taminot компанияси 2024 йил 8 июнь куни Наманган туманида рўйхатдан ўтган. Компания таъсисчиси Содиқжон Бекмирзаев ҳамда унинг ўғиллари Бахтиёр ва Собиржон Бекмирзаевларга тегишли Nam Motor Servis компанияси ҳисобланади. Компания насослар, электр моторлар ва редукторлар ишлаб чиқариш билан шуғулланади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *