• Вс. Июл 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Қозоғистонда никоҳга мажбурлаганлик учун жиноий жавобгарлик жорий этилди – Gazeta



16 сентябрдан бошлаб Қозоғистон қонунчилигида никоҳ тузишга мажбурлаш учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи ўзгартиришлар кучга кирди, деб хабар қилди мамлакат ИИВ матбуот хизмати.

«Жиноят кодексига янги 125−1 — „Никоҳ тузишга мажбурлаш“ моддаси киритилди. Ушбу қилмиш бундан буён жиноий деб топилади. Никоҳ тузишга мажбурлаганлик учун жарима, ахлоқ тузатиш ёки жамоат ишлари, озодликни чеклаш ёки ундан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган», — дейилади хабарда.

Жазо жиноят ҳолатига боғлиқ: 2000 ойлик ҳисоб-китоб кўрсаткичигача (тахминан 7,8 миллион тенге ёки 14,5 минг доллар) жарима ва икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш. Агар ҳаракатлар эҳтиётсизлик оқибатида оғир оқибатларга олиб келса, 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган. «Мажбурлаш зўравонлик билан бирга содир этилганда, вояга етмаганларга нисбатан, гиёҳвандликдан фойдаланган ҳолда, бир гуруҳ шахслар томонидан ёки хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этилганда янада қатъийроқ жазо таҳдид солади», — дея тушунтирди Қозоғистон ИИВ.

Бундан ташқари, Жиноят кодексининг 125-моддаси «Одам ўғирлаш»дан ўғирланган шахсни ихтиёрий равишда озод қилган шахс жиноий жавобгарликдан озод этилишига умид қилиши мумкин бўлган қисм чиқариб ташланди. «Энди бундай имконият бартараф этилди: ўғирланган шахс ихтиёрий равишда озод қилинган тақдирда ҳам, айбдор барибир қонунга мувофиқ жавобгарликка тортилади», — дейилади хабарда.

«Ушбу ўзгаришлар зўравонлик билан тузилажак никоҳларнинг олдини олиш ва фуқароларнинг заиф тоифаларини, биринчи навбатда, аёллар ва ўсмирларни ҳимоя қилишга қаратилган», — дейилади вазирлик хабарида.

Қозоғистон Мажилиси (парламентнинг қуйи палатаси) 2025 йил май ойи охирида никоҳга мажбурлаш учун жиноий жавобгарликни жорий этишни маъқуллаганди.

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев 2024 йил март ойида келин ўғирлаш амалиётини «прогрессив жамият идеалларига зид бўлган» «даҳшатли жаҳолат» деб атаган. «Ўйлайманки, бундай фактлар нафақат ахлоқий қоралашни, балки ҳуқуқий баҳолашни ҳам талаб қилади», — деганди ўшанда Тоқаев.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *