Шавкат Мирзиёев 16 сентябрь куни Наманган вилоятига ташрифи чоғида Наманган халқаро аэропортидаги янги терминаллар қурилиши билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Лойиҳа давлат раҳбарига 2024 йили вилоятга ташрифи чоғида тақдим этилган эди. Қурилиш ишлари 140 млн доллар миқдоридаги инвестиция ҳисобидан амалга оширилмоқда, дейилади хабарда.
Уч қаватли қилиб қурилаётган янги терминалда йўловчи ташиш қуввати 2,5 карра ошиши керак. Чегара назорати ва виза бўлимлари, бизнес зали, савдо ва овқатланиш шохобчалари, тиббиёт хонаси, duty free дўконлари ташкил этилади.


Бунга параллел равишда кунига 50 тонна юк ташиш ва 90 та мамлакатга экспорт қилиш имконини берадиган юк терминали қурилмоқда. Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, бу орқали водийда ягона карго тизими яратилади — «ҳудуднинг бизнес, экспорт ва транзит салоҳияти ошади».
2025 йилда Наманган вилоятига 1,5 млн хорижий ва 2 миллиондан ортиқ маҳаллий сайёҳни жалб қилиш, хизматлар экспортини 210 минг долларга етказиш режалаштирилган. Андижон ва Фарғона вилоятлари экспорти ҳам ошиб боряпти, дейилади хабарда.
Лойиҳада умумий овқатланиш мажмуаси, ёнилғи қуйиш шохобчаси ва бошқа инфратузилма объектлари қурилиши кўзда тутилган. Махсус сервис техникалари ҳам янгиланади. Янги терминаллар 2026 йилда фойдаланишга топширилиши режалаштирилмоқда.
Давлат раҳбари аэропорт атрофидаги инфратузилмани унга мутаносиб ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берди. Хусусан, дунёнинг илғор тажрибасидаги каби аэропорт атрофида меҳмонхоналар, савдо ва кўнгилочар мажмуалар, барча замонавий хизматлар бўлиши зарурлиги таъкидланди. Автотураргоҳ ва сервис объектлари ташкил этиб, меҳмонлар учун қулайликларни кенгайтириш вазифасини қўйди.
2023 йил сентябрь ойида Наманган халқаро аэропортининг учиш терминали реконструкциядан сўнг ишга тушгани хабар қилинган эди.
Аэропорт кимга топширилди?
Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабарига кўра, президент 2024 йил 25−26 март кунлари вилоятга ташрифи чоғида аэропортни давлат-хусусий шериклик доирасида бошқарувга ўтказиш вазифасини қўйган.
Ўтган йилнинг сентябрь ойида вилоят ҳокимлиги музокаралар натижасида Namangan Air Solution компанияси томонидан лойиҳани амалга ошириш бўйича келишувга эришилгани ҳақида хабар берган. Бироқ тендер ҳақида эълон берилмаган.
Шавкат Мирзиёев 2024 йил 20 декабрь куни Наманган ва Бухоро аэропортлари хусусий бошқарувга ўтказилишини маълум қилган эди.
Namangan Air Solution компанияси 2023 йил 26 майда Наманган шаҳрида рўйхатдан ўтган. Асосий фаолият тури — ҳаво транспорти хизматлари, устав капитали 2 млн сўм. Директор Сардор Абдувахабович Хусаинов сифатида кўрсатилган, ягона таъсисчиси БААда рўйхатдан ўтган ME CA Overseas Investments DMCC LLC МЧЖ ҳисобланади.
Амирлик компанияси, шунингдек, Ўзбекистоннинг бир қатор компаниялари, жумладан, Kattakurgan Sigma Cement ва Djizzakh Sigma Cement цемент заводлари, Djizzakh Solar Energy (Sigma Energy) электр станцияси ҳамда Djizzakh Cement монтаж компаниясида улушларга эга.


