15 сентябрь куни президент Шавкат Мирзиёев иштирокида бўлиб ўтган таълим ходимлари билан мулоқотда таклиф билан чиққан икки нафар қиз давлат идораларига ишга олинди.
Хусусан, Бухоро вилоятидан бўлган қиз мактабларга ҳам грантларни жалб қилишни кенгайтириш ҳақида сўзлади.
«Ҳозирги кунда грантлар асосан олий таълим доирасида жалб қилинмоқда. Олий таълимда грант салоҳиятига эга кадрлар жуда кўп. Мактабларда эса бундай мутахассислар етишмайди. Халқаро донор ташкилотлар эса мактабларни ривожлантириш учун ажратадиган грант маблағлари жуда кўп ва маблағлари катта», — деди у.
«Маълумки, куни кеча сизнинг раҳбарлигингизда бўлиб ўтган видеоселекторда республикамизнинг барча мактабларда маслаҳатчи лавозими жорий этилмоқда. Рухсат этсангиз, маслаҳатчиларни грант таклифларини тайёрлаш курсларида ўқитсак, мактаб доирасида ҳам грант таклифларини ўқитганимизда инвестицияни жалб қилиш имконияти пайдо бўларди ва таълим тизимининг барча бўғинларда тенг ва изчил ривожланишга эришиш мумкин. Рухсат берсангиз, шу курсларда ўзим ўқитиб бераман деб ваъда бераман», — деди сўзга чиққан қиз.
Бунга жавобан президент уни ишга олишини маълум қилди.
«Мени бошқа таклифим бор. Сизга ўхшаган инвестиция жозибадор қилаётган қизим бор экан, мен билмай юрган эканман. Шунинг учун бош вазиримизнинг ўринбосари [Жамшид] Ходжаевга топшириқ. Бугундан бошлаб сени ишга олади. Қишлоқда мана шу ишларни қилиб грантни олиб келсак, жамиятимиз ўзгаради, тезлашади ислоҳотларимиз. Раҳмат, қизим, соғ-саломат бўлинг», — деди давлат раҳбари.
Сўзга чиққан наманганлик Нодирахон эса эшитиш қобилиятини йўқотган болаларга иглиз тилини ўқитиш методикасини таклиф қилди.
«Ҳурматли президент, ҳозир шу ерда туриб сўзларингизни эшитиб, ўз олдимга яна янги мақсадлар қўйдим. Мен ўзим яратган методикаларни республикамизда кенг оммалаштириб, юртимиздаги эшитиш қобилиятини йўқотган, эшитиш қобилиятсиз бўлган болаларимиз учун ҳам инглиз тилини ўрганиш имконини бермоқчиман», — деди у.
Президентуни ҳам ишга олишни буюрди.
«Нодира қизим, мана шундай қизим борлигидан мен бахтиёрман. Яна бир марта сизга миннатдорчилик билдирмоқчиман. Иккинчидан, [Ўзбекистон президентининг ижтимоий ҳимоя бўйича маслаҳатчиси Мансурбек] Оллоёров шу ерда-ми? Бугундан бошлаб Оллоёров Нодирахонни ишга оласан, лекин Тўрақўрғондан кўчмасдан „заочний“ ойлик берасан. Бу методикани ҳамма мактабларда иложи борича жорий қилишимиз керак. Бир йил ўтгандан кейин мана шу Нодирахоннинг методологияси деган фикр пайдо бўлади. Бу бизга ғурур бағишлайди. Эртага мен ҳам Наманганда бўламан. Мен кўришмоқчиман. Эртага борганимча қарор қўлларида бўлсин», — деди Шавкат Мирзиёев.