БМТнинг тергов комиссияси Исроил Ғазода геноцид содир этгани ва Исроилнинг юқори мартабали амалдорлари, жумладан, бош вазир Биньямин Нетаньяҳу бу ҳаракатларга туртки бергани ҳақида хулосага келди. Бу ҳақда Reuters ёзмоқда.
БМТ комиссияси мустақил текширув натижасида Исроил Ғазо секторида 1948 йилги Геноцид тўғрисидаги конвенцияда белгиланган бешта геноцид ҳаракатидан тўрттасини содир этган деган хулосага келди. Геноцид деб ҳисоблаш учун бешта актдан камида биттаси содир бўлиши етарли.
Комиссия уларга қуйидагиларни киритди:
- фаластинликларнинг ўлдирилиши ва қотиллик кўлами;
- уларга жиддий жисмоний ва руҳий зарар етказиш;
- бир гуруҳни тўлиқ ёки қисман жисмонан йўқ қилишга қаратилган яшаш шароитларини қасддан келтириб чиқариш (секторга ёрдамнинг блокировка қилиниши, мажбурий кўчириш);
- бир гуруҳда болалар туғилишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни жорий этиш (туғуруқ клиникасининг вайрон қилиниши).
«Ғазода геноцид содир бўлмоқда», — деди Фаластин бўйича тергов комиссияси раҳбари, Халқаро жиноий суднинг собиқ судьяси Нави Пиллай.
«Ушбу шафқатсиз жиноятлар учун жавобгарлик Исроилнинг юқори даражадаги расмийлари зиммасига юклатилган бўлиб, улар деярли икки йилдан бери Ғазодаги Фаластин гуруҳини йўқ қилиш мақсадида геноцид кампаниясини уюштирмоқда».
Исроилнинг БМТдаги элчиси Даниэл Мерон ҳисоботни «шармандали» ва «фейк» деб атаб, унинг муаллифи «ҲАМАС гумашталари» эканини айтди, деб ёзмоқда Reuters. «Исроил ушбу тергов комиссияси томонидан бугун эълон қилинган туҳматни қатъиян рад этади», — деди Мерон журналистларга.
Исроил Ташқи ишлар вазирлигининг таъкидлашича, БМТ комиссияси «фейк ҳисобот»ни эълон қилган ва уни «ҲАМАСнинг ишончли вакиллари ролида бўлган, очиқ антисемитизм позицияси билан танилган уч киши» тайёрлаган.
Комиссияни Исроилга қарши сиёсий мақсадларга эгаликда ва ўз мандатидан четга чиқишда айблаган Исроил у билан ҳамкорлик қилишдан бош тортди.
Комиссиянинг 72 саҳифали ҳуқуқий таҳлили БМТнинг ҳозирги кунгача энг кучли хулосаси ҳисобланади, аммо бу орган мустақил бўлиб, БМТ номидан расмий ифодани акс эттирмайди. БМТ ҳали геноцид атамасини қўлламаган, аммо босим тобора кучайиб бормоқда.
Исроил Гаагадаги Халқаро судда геноцид иши билан курашмоқда. У 2023 йил 7 октябрь куни ҲАМАСнинг 1200 кишини ўлдирган ва Исроил маълумотларига кўра, 251 кишини гаровга олган ҳалокатли ҳужумидан кейин ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини рўкач қилиб, бундай айбловларни рад этиб келмоқда.
Ғазодаги урушда, сектор Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 64 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган, глобал очлик мониторининг айтишича, унинг бир қисми очликдан азият чекмоқда.
- Август ойи охирида БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари идораси (OHCHR)нинг 500 дан ортиқ ходими комиссар Фолькер Тюркни Ғазодаги урушни геноцид деб аташга чақирганди. Таъкидланишича, қоидабузарликларнинг кўлами ва табиати бу номни бериш учун етарли.
- Amnesty International ҳуқуқни ҳимоя қилиш гуруҳи 2024 йил сўнгида Исроилни геноцид содир этишда айблаган, аммо БМТ ҳали геноцид атамасини қўллаган эмас. Ташкилот расмийлари илгари геноцидни халқаро судлар ҳал қилиши кераклигини айтганди.
- 2024 йилда, шунингдек, Human Rights Watch ташкилоти Исроилнинг Ғазо аҳолисини сувдан маҳрум этиши геноцид ва қирғин актларига тенг келишини билдирган. Ҳисоботда Ғазодаги фаластинликларнинг сув билан таъминлангани яшаб қолиш учун зарур бўлган 15 литрлик чегарадан анча паст экани айтилган. Исроил бу айбловларни ҳам рад этган.
- 2023 йилда Жанубий Африка Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларига қарши геноцид иши бўйича Халқаро судга мурожаат қилган, аммо иш ҳали мазмунан кўриб чиқилмаган — бу жараён йиллар давом этиши мумкин.
- Аввалроқ гуманитар ташкилотлар биринчи марта Ғазо провинцияларидан бирида ҳалокатли очарчилик кузатилаётганини, сентябрь ойи охирига келиб, у яна иккита провинцияга тарқалиши мумкинлигини тасдиқлаганди. Исроил бу баҳо «ҲАМАСнинг ёлғонларига асосланганини» айтган. Озиқ-овқат хавфсизлиги фазаларининг интеграциялашган таснифи (IPC) очарчилик ҳолатини расман эълон қила олмайди — одатда буни ҳукуматлар ёки БМТ амалга оширади.