Швеция ўқувчиларнинг хавфсизлиги ва ўқиш шароитларини яхшилаш мақсадида барча мактабларда мобил телефонларни бутун мамлакат бўйлаб тақиқлашни режалаштирмоқда, деб хабар берди The Guardian.

Келгуси ўқув йилидан бошлаб, 2026 йил кузидан, барча мактаблар ва мактабдан ташқари тўгаракларда ўқувчиларнинг телефонларини йиғиштириб олиш ва кун охиригача ушлаб туриш мажбурий бўлади.

Телефонни тақиқлаш билан бир қаторда, таклиф этилаётган ўзгаришлар ўқув дастури, баҳолаш тизими ва ўқитувчиларни тайёрлашни қамраб олади.

«Бугун биз тақдим этаётган нарса мактабларга тарихий бюджет сармояси ва 30 йилдан ортиқ вақт ичидаги энг катта ислоҳотлар кун тартибидир», — деди Швециянинг июнь ойида тайинлаган таълим ва интеграция вазири Симона Моҳамссон.

Ҳукумат келаси ҳафта тақдим этадиган бюджет лойиҳасида телефон тақиқини амалга ошириш учун 2026 йил учун 95 миллион крон (7,52 миллион фунт стерлинг) ва келаси йили 100 миллион крон ажратилмоқда.

Швециядаги аксарият мактабларда ўқув кунининг бошида мобил телефонлар олиб қўйилади, аммо ўқувчилар тақиқни четлаб ўтиш йўлларини топган, масалан, асосий бўлмаган телефонни топшириш ёки телефонимни унутиб қолдирдим ёки у бузилган деб айтиш.

«Бу Швециянинг барча синфларидаги барчага тегишли бўлиши керак. У Швециядаги ҳар бир ёшга тааллуқлидир ва ихтиёрий характерда эмас», — деб айтганди аввалроқ Либераллар партияси етакчиси бўлган Моҳамссон.

  • Жорий йил бошида Данияда ҳукумат комиссияси 13 ёшгача бўлган болаларнинг ўз смартфони ёки планшети бўлмаслиги кераклиги ҳақида тавсия эълон қилганди, шундан сўнг мактаблар ва мактабдан ташқари клубларда мобил телефонларни тақиқлаш режалари янграган.
  • Август ойида Жанубий Корея парламенти мактабларда дарс пайтида мобил телефонлардан фойдаланишни тақиқловчи қонунни қабул қилганди. Мактабларга, шунингдек, ўқувчиларга смарт қурилмалардан тўғри фойдаланишни ўргатиш мажбурияти юкланган.
  • 2025 йил январь ойида Бразилия ҳукумати мамлакатнинг бошланғич ва ўрта мактабларида смартфонлардан фойдаланишни чеклади. Таълим вазирлиги ўшанда тақиқ «болалар ва ўсмирларнинг руҳий, жисмоний ва психологик саломатлигини ҳимоя қилишга қаратилганини» таъкидлаганди.
  • 2024 йилда Нидерландия, Франция (6 ёшдан 15 ёшгача бўлган болалар учун), Хитой ва Англия смартфонларга тақиқ жорий этган.
  • Норвегия 2024 йили ижтимоий тармоқларда 15 ёшгача бўлган қатъий чегарани эълон қилди.
  • Нидерландияда ўтказилган сўнгги тадқиқот натижаларига кўра, 2024 йил январь ойида синфхоналарда смартфонларни тақиқлашни тавсия этувчи миллий кўрсатмалар чиқарилган бўлиб, уларга деярли барча Нидерландия мактаблари риоя қилган. Сўровда қатнашган ўрта мактабларнинг аксарияти (75%) болаларнинг диққатини жамлаш осонроқ бўлганини ва 28 фоизи натижалар яхшиланганини айтган.