Президент — Ўзбекистон камбағалликка қарши қандай курашаётгани ҳақида
Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш бўйича бандлик, таълим, тиббиёт, ижтимоий ҳимоя ва инфратузилмани қамраб олувчи комплекс дастур амалга оширилмоқда. Президент эътибор нафақат аҳолининг кам таъминланган қатламини иш билан таъминлаш, балки барқарор иш ўринлари яратишга қаратилаётганини айтди.

Ўзбекистонда жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар тоифаси пайдо бўлади
Президент қарорига мувофиқ, Жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар ҳуқуқий мақоми жорий қилинади. Уларнинг молиявий ҳисоботлари, аудити ва бошқарувига алоҳида талаблар белгиланади. Бундай ташкилотлар Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари асосида бухгалтерия ҳисоби юритади.

Намангандаги Арашан кўли атрофида йилига 1 млн сайёҳни қабул қилувчи комплекс қурилади
Наманганнинг Поп туманидаги Арашан кўли атрофида йилига 1 млн сайёҳни қабул қила оладиган йирик туризм комплекси қурилади. Шунингдек, «Фурқат» боғи реконструкция қилинади, «Чортоқ» сув омбори атрофида туризм комплекси, меҳмонхона, ресторан, дам олиш ва кўнгилочар масканлар ташкил қилинади.

Ўзбекистонда олтин қуймалар нархи рекорди йил бошидан бери 30-марта янгиланди
17 сентябрда Ўзбекистонда олтин қуймалар нархи бир кунда 0,36 фоизга ўсиб, 1 510 660 сўмга етди (бир грамми учун). Маҳаллий бозорда олтин нархи рекорди йил бошидан бери 30-марта янгиланди ва йиллик ҳисобда 38,3 фоизга қимматлашди. МБ январда 100 граммли олтин қуймаларни сотувга чиқарган.

Августда автомобиль савдоси 9,5 фоизга камайди — ИТИМ
Август ойида Ўзбекистонда енгил автомобиллар савдоси июлга нисбатан 9,5 фоизга, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан эса 11,3 фоизга камайди. Ишлатилган автомобиллар савдоси 14,3 фоизга қисқарди. Марказий банк ўтган йили харид қобилияти пасайганини қайд этганди.

Президент Чортоқни Фарғона водийсининг бутун йиллик туризм ҳабига айлантиришни буюрди
Президент топшириғи билан Чортоқ туманини Фарғона водийси учун йил давомида хизмат кўрсатадиган туризм ҳабига айлантириш режалаштирилмоқда. Инфратузилмани ривожлантириш учун $50 млн ажратилади.

Ўзбекистонда энди ер ижарачилари қишлоқ хўжалиги ерларининг бир қисмини ижарага бера олади
Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ерлари ижарачиларига участканинг бир қисмини бошқа фойдаланувчига ўтказишга рухсат берилди. Президент фармонида қишлоқ хўжалиги ерларига нисбатан фақат ижара ҳуқуқи тан олиниши ҳам белгиланган. Мулкчиликнинг бошқа шакллари, истиснолардан ташқари, рўйхатга олинмайди.
2030 йилгача мутлақ камбағалликка барҳам беришга имконимиз бор — президент
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон 2030 йилга қадар камбағалликни 2 карра қисқартириш бўйича олган мажбуриятини барвақт бажаришга ҳаракат қилаётганини таъкидлади. «2030 йилга бориб, халқаро мезонларга кўра, Ўзбекистонда мутлақ камбағалликка тўлиқ барҳам беришга барча имкониятимиз бор», — деди президент.

Ўзбекистонда 9 ойда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйган 407 нафар шахс жавобгарликка тортилди
Ўзбекистонда 2024 йил декабрдан буён манфаатлар тўқнашувига йўл қўйган 407 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди. Тегишли қонун кучга киргунга қадар 213 та ҳолатда яқин қариндошларнинг давлат хизматида бир-бирига бўйсуниб ишлаётган аниқланган.

Автомобилларни давлат рўйхатидан чиқармасдан утилизация қилишга жарима солиш таклиф қилинмоқда
Автомобилларни давлат рўйхатидан чиқармасдан утилизация қилиш ёки қисмларга ажратганлик учун жарима жорий этиш таклиф этилмоқда. Ўтган йили ЙҲХХ устахоналардан 4600 дан ортиқ давлат рақамлари ва техник паспортлар топган. Баъзан бундай рақамлар ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлар содир этишда ишлатилади.

Навоий вилоятида 4 балли зилзила юз берди
Навоий вилоятида эпицентри Конимех тумани бўлган зилзила содир бўлди. Унинг кучи 4 баллни ташкил этди. Ер силкиниши Ғиждувон ва Навбаҳор туманларида 2−3 балл бўлиб сезилди.

Ўзбекистонда топ-100 таликдаги хорижий университетларнинг филиаллари очилади — президент
Шавкат Мирзиёев олий таълимдаги ислоҳотларнинг бош мақсади — Ўзбекистонни минтақавий таълим ва фан хабига айлантириш эканини айтди. Унинг сўзларига кўра, яқин йилларда дунё бўйича топ-1000 таликка кирган ОТМлар сони ўнтага етади, топ-100 таликдаги олийгоҳларнинг филиаллари очилади.

Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилади
Қонунчилик палатаси мажлисида болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси қабул қилинди. У болаларни жинсий зўравонликлардан ҳимоялаш, болалар тасвирланган порнографик маҳсулотларни сақлаганлик учун жавобгарликни белгилашни назарда тутади.

Ягона порталдаги пулли хизматлар банклар ва мобил алоқа операторлари иловаларига боғланади
Ягона порталдаги пулли хизматлар банклар ва мобил алоқа операторлари иловаларига боғланади. Президент қарорига мувофиқ, 2025−2026 йилларда «Рақамли ҳукумат» дастури доирасида 41 та устувор лойиҳа ишга туширилади, электрон давлат хизматлари улуши 70 фоизга етказилади.

Сурхондарёда божхонага ишга жойлаштириш эвазига 1000 доллар талаб қилган кадрлар бўлими бошлиғи ушланди
Сурхондарё вилоятида Божхона бошқармасига ишга киритиб қўйиш эвазига фуқародан 1000 доллар талаб қилган Медиация ва юридик маслаҳатлар ҳузуридаги ҳакамлик судининг кадрлар бўлими бошлиғи ушланди. Унга нисбатан жиноят иши очилди.

8 ойда 9 мингдан ортиқ киши оиладаги зўравонлик ва шаҳвоний шилқимликда айбланиб судланди
2025 йилнинг январь-август ойларида 8 мингга яқин киши оиладаги зўравонлик (ЖК ва МЖТК бўйича), 1450 киши эса шаҳвоний шилқимлик айби билан судланди. Бу даврда, шунингдек, 37 та оиланинг никоҳи зўравонлик сабаби билан бекор қилинди.

Чирчиқ дарёсидан қум-шағал қазиб олган шахслар табиатга 83,3 млрд сўм зарар етказгани аниқланди
Чирчиқ дарёсининг Қуйи Чирчиқ туманидан ўтган ҳудудида ноқонуний равишда қум-шағал қазиб олаётган шахслар аниқланди. Улар табиатга 3 млрд 357 млн 600 минг сўм зарар етгазгани аниқланди.

Тошкент аэропорти учиб келиш терминалида 2 қаторли автомобиль йўлаги ташкил этилади, автотураргоҳ кенгайтирилади
Тошкент халқаро аэропортида учиб келиш терминали чиқишида икки қаторли автомобиль йўлаги ташкил этилади. Биринчи қатор фақат туристик автобуслар ва аэропортнинг расмий таксилари, иккинчиси эса бошқалар учун бўлади. Терминал яқинидаги автотураргоҳ сиғими 330 ўрингача кенгаяди.

Ўзбекистонда «Келажак» маркази ташкил этилади
«Баркамол авлод» болалар мактаби ҳамда Республика ўқувчи-ёшлар маркази негизида «Келажак» маркази ташкил этилади. Марказнинг умумий ўрта таълим ташкилотларида вертикал тизимини жорий этиш мақсадида ўқувчилар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича мактаб маслаҳатчиси лавозими жорий этилади.

Тест: Абдулла Қаҳҳор асарларини қанчалик яхши биласиз?
Ўзбекистон халқ ёзувчиси, қисқа ҳикоялар ва тили аччиқ фельетонлар устаси, маҳоратли драматург ва таржимон Абдулла Қаҳҳор таваллудига 17 сентябрь куни 118 йил тўлди. Сана муносабати билан Gazeta адиб ижодига бағишланган тест тайёрлади.

Тошкентда халқаро Classical Music Fest фестивали бўлиб ўтади
Тошкентда 22 сентябрдан 3 октябрга қадар Classical Music Fest халқаро мусиқа фестивали ўтказилади. Унда пианиночи Беҳзод Абдураимов, скрипкачи Максим Венгеров, шунингдек, Арманистон, Россия, Франция ва Жанубий Корея мусиқачилари иштирок этади.

АҚШ Green Card аризаси учун 1 доллар тўлов жорий этмоқчи
АҚШ Давлат департаменти Green Card лотереяси учун рўйхатдан ўтишда 1 долларли йиғим белгилашни таклиф этмоқда. Бундан операцион харажатларни фақат ғолиблар эмас, барча иштирокчилар зиммасига юклаш мақсад қилинган. Шунингдек, ўзгариш шубҳали рўйхатдан ўтишларни камайтиришга ёрдам бериши кутиляпти.

Швеция мактабларда мобил телефонлардан фойдаланишни тақиқлайди
Швецияда 2026 йил кузидан барча мактаблар ва мактабдан ташқари тўгаракларда ўқувчиларнинг телефонларини кун охиригача йиғиштириб олиш тартиби кучга киради ва бу мажбурий бўлади. Қарор ўқувчиларнинг хавфсизлиги ва ўқиш шароитларини яхшилаш мақсадида қабул қилинди.

Бразилия собиқ президенти Болсонару шифохонага ётқизилди, ўтган ҳафта у 27 йилга қамалганди
Бразилия собиқ президенти Жаир Болсонару қон босими пасайиб, кўнгли айнигач, полиция ҳамроҳлигида шифохонага олиб кетилди. Олий суд ўтган ҳафта уни давлат тўнтаришини режалаштирганликда айблаб, 27 йилга озодликдан маҳрум этганди. Сиёсатчи айбловни тан олмаган.

Алексей Навальний колонияда заҳарланган — Юлия Навальная
Россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийнинг беваси Юлия Навальная турмуш ўртоғи 2024 йил февраль ойида колонияда заҳарланганини айтди. Навальнаянинг сўзларига кўра, сиёсатчининг жамоаси унинг биологик намуналарини юборган икки давлат лабораториялари шундай хулосага келган.

Қирғизистонда Жалолобод шаҳри номи «Манас»га ўзгартирилди
Садир Жапаров Қирғизистоннинг Жалолобод шаҳрини Манас деб қайта номлаш бўйича қонунни имзолади. Ўзгариш «миллий мафкурани мустаҳкамлаш» учун қабул қилинди. Шаҳар аҳолисининг 30 фоизга яқинини ўзбеклар ташкил қилади.

Еврокомиссия Исроил товарлари бўйича эркин савдо келишувларини тўхтатишни таклиф қилмоқда
Еврокомиссия Исроил билан эркин савдо келишувларини тўхтатиб туриш, шунингдек, Исроил ҳукуматининг экстремистик вазирларига қарши санкцияларни таклиф қилмоқда. Бу Исроилнинг тахминан 5,8 млрд евролик экспортига таъсир қилади. Таклиф кучга кириши учун 27 аъзодан камида 15 таси рози бўлиши керак.
Бизни ўқиётганингиз учун раҳмат!
