• Пт. Июл 17th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Фарғона ва Қорақалпоғистонда катта миқдордаги афғон наркотиклари мусодара қилинди


Фарғона вилояти ва Қорақалпоғистонда Афғонистондан олиб келинган катта миқдордаги наркотик моддалар мусодара қилинди, деб хабар қилди Давлат хавфсизлик хизмати.

Хусусан, муқаддам наркокуръерлар томонидан Афғонистондан контрабанда йўли билан Сурхондарё вилояти ҳудудига олиб ўтилган ва Ёзёвон туманига келтирилиб, дала майдонидаги хуфия жойга яшириб кўйилган 9 кг 896 гр гашиш моддасини қабул қилиб олган вақтида Марғилон шаҳрида яшовчи 1983 й.т. хусусий тадбиркор ва унинг 1989 й.т. жиноий шериги ашёвий далиллар билан ушланди.

Шунингдек, воқеа жойидан қочишга уринган хусусий тадбиркорнинг ёнида бўлган 14 минг 500 доллар ва 6 млн 250 минг сўм ҳам процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Терговга қадар текширув давомида ушбу ноқонуний ишга алоқадор бўлган учинчи шахснинг яшаш хонадонидан 110 гр опий моддаси, 2 та электрон тарози, 1200 доллар ҳамда 28 млн сўм процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Таъкидланишича, ушбу моддалар Фарғона водийсидаги истеъмолчиларга сотилиши керак бўлган.

гиёҳванд моддалар, дхх, наркотик

Афғонистон йўналишида наркотик моддалар контрабандасига қарши курашиш доирасида Давлат хавфсизлик хизмати органлари ходимлари томонидан яна бир тезкор тадбир ўтказилди.

Жумладан, Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманида яшовчи 1963 й.т. муқаддам наркотик моддалар савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган шахс Хоразм вилояти Хазорасп туманида яшовчи 1978 й.т. фуқаро билан ўзаро тил бириктирган. Улар келгусида сотиб, даромад топиш мақсадида афғонистонлик наркосавдогарларга катта миқдордаги гиёҳвандлик воситасини буюртма берган.

Ўз навбатида, наркокуръерлар томонидан наркотик моддалар Афғонистондан Сурхондарё вилояти ҳудудига олиб ўтилиб, кейинроқ Тўрткўл туманидаги хуфия жойга қолдириб кетилган.

Ўтказилган тезкор тадбирда улар хуфия жойдан 6 кг 149 гр опий моддасини ва 9 кг 814 гр кўкнори сомонини олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди.

️Ҳозирда мазкур шахсларнинг барчасига нисбатан Жиноят кодексининг 246 (Контрабанда) ва 273-моддалари (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.

Тергов ҳаракатлари доирасида уларнинг жиноий алоқаларини аниқлаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *