27 сентябрь куни Тошкентда Марказий Осиё минтақасида биринчи марта Web Summit Spotlight технологик форуми бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда Рақамли технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликда тадбирни ўтказаётган IT Park Uzbekistan матбуот хизмати.

Web Summit ташкилоти стартап асосчилари, глобал корпорациялар раҳбарлари, инвесторлар ва тадқиқотчиларни бирлаштирадиган дунёдаги энг йирик технологик тадбирларни ташкил қилади. Лиссабондаги Web Summit форуми 70 000 дан ортиқ иштирокчиларни жалб қилади. Саммитлар бошқа минтақаларда ҳам ўтказилади: Жанубий Америкада — Web Summit Rio, Шимолий Америкада — Web Summit Vancouver, Осиёда — RISE, Яқин Шарқда — Web Summit Qatar.

«Spotlight’нинг Тошкентга келиши экотизим географиясини кенгайтиради… Марказий Осиё илк бор глобал нетворкинг, капитал ва билимларга тўғридан-тўғри кириш имкониятига эга бўлади», — дейилади тадбир пресс-релизида.

Тадбир дастурида Ўзбекистоннинг инновацион марказ сифатидаги салоҳияти, ривожланаётган бозорларда халқаро корпорациялар имкониятлари, венчур инвестициялар истиқболлари ва IT технологияларининг асосий йўналишлари муҳокама қилинади.

Иштирок этиши кутилаётган маърузачилар орасида Plug and Play Tech Center корпоратив масалалар бўйича директори Альфредо Гомес Сория, StartupBlink компаниясининг Ecosystem Success йўналиши раҳбари Катрин Калледо, шунингдек, GB Ventures, DOMiNO Ventures, Rasmal Ventures, Heartfelt Ventures, Golden Gate Ventures ва бошқа венчур фондлар вакиллари бор.

Панель муҳокамалари ва тақдимотлардан ташқари, иштирокчилар Investors’ Room’да венчур фондлар билан 1:1 форматида шахсий учрашувлар ўтказиш имкониятига эга бўлади.