Қирғизистон президенти Садир Жапаров «Жалолобод шаҳрининг номини Манас шаҳри деб қайта номлаш тўғрисида»ги қонунни имзолади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қонун Жогорку Кенеш томонидан 2025 йил 10 сентябрда қабул қилинганди.
Қонуннинг мақсади миллий мафкурани мустаҳкамлаш, Жалолобод шаҳрига халқ қаҳрамони, қирғиз халқининг турли босқинлардан ҳимоячиси бўлган буюк Манас номини беришдан иборат, дейилади хабарда.
Ҳужжат расмий эълон қилинган кундан эътиборан ўн кун ўтгач кучга киради.
Шаҳар мэрияси сайтига кўра, Жалолободнинг расмий ташкил этилган санаси 1877 йил октябрь ойи ҳисобланади. Қишлоқ аҳолиси 1909 йилга келиб 1100 кишини ташкил этган, улар асосан ўзбеклар бўлган. 1916 йилга келиб шаҳарда 6 минг киши яшаган.
Шаҳарнинг майдони 64,6 квадрат км бўлиб, 184 мингдан ортиқ одам яшайди, уларнинг 30 фоизга яқини ўзбеклардир.
