Шавкат Мирзиёев 20−24 сентябрь кунлари Нью Йоркда бўлади
Ўзбекистон президенти 20−24 сентябрь кунлари амалий ташриф билан АҚШда бўлади. Шавкат Мирзиёев Нью Йоркда БМТ Бош ассамблеяси сессиясида нутқ сўзлаши кутилмоқда. Шунингдек, у ташкилот бош котиби ва хорижий раҳбарлар билан учрашувлар ўтказади.

Ўзбекистон ЖСТга аъзолик бўйича яна учта давлат билан келишиб олди
Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш йўлида яна учта давлат — Аргентина, Австралия ва Гондурас билан икки томонлама протоколларни имзолади (жами 29 та давлат билан келишиб олинди). Яна икки аъзо билан принципиал келишувлар мавжуд. Аъзолик бўйича музокараларни тўлиқ якунлашда фақат 3 та давлат қолди.

Ерга оид ҳуқуқбузарлик даражасига кўра ҳудудлар «қизил», «сариқ», «яшил» тоифаларга бўлинади
1 январдан ердан самарасиз фойдаланиш, ўзбошимчалик билан эгаллаш эҳтимолига кўра ҳудудлар «қизил», «сариқ», «яшил» тоифаларга бўлинади. «Қизил» ва «сариқ» тоифадаги ҳудудлар кузатувга олинади. Ерга оид ҳуқуқбузарликка йўл қўйганларга фақат «Е-yer nazorat» тизими орқали чора кўрилади.

Ўзбекистонда телекоммуникация операторларига ташқи интернет каналларидан фойдаланишга рухсат берилди
Ўзбекистонда хусусий телеком-операторларга тажриба тариқасида 2030 йилгача халқаро интернет каналларга тўғридан-тўғри уланишга рухсат берилди. Бунинг учун улар мамлакат ҳудудининг камида 50 фоизини қамраб олган магистраль оптик толали тармоқларга эга бўлиши ва бошқа талабларни бажариши шарт.

Самарқандда электросамокатлар ишлаб чиқарилиши режа қилинмоқда
Самарқанднинг Оқдарё туманида Хитой компанияси 2026 йилдан электросамокат ва қуёш панелида ишлайдиган кўча чироқлари ишлаб чиқариши кутилмоқда. Инвесторлар ишни бошлаши учун автомобиль йўли қурилиши кераклигини айтиб, бу масалада вилоят ҳокимидан ёрдам сўради.

Инклюзивлик, иқлимга мос ечимлар, далилларга асосланган сиёсат. «Камбағалликдан фаровонлик сари» халқаро форуми қандай ўтди?
Наманганда «Камбағалликдан фаровонлик сари» III халқаро форуми якунланди. Унинг доирасида 495 млн долларли келишув ва меморандумлар имзоланди. Камбағалликни қисқартиришнинг бозорга мос кўникмалар, инклюзивлик, иқлимга мос ечимлар, далилларга асосланган сиёсат каби йўналишлари муҳокама қилинди.

Тошкентда автобусда қизларга шилқимлик қилган 54 ёшли эркак 5 суткага қамалди
Тошкент шаҳрида 54 ёшли эркак автобусда шаҳвоний шилқимлик қилиб, йўловчи қизларнинг орқасини ушлаган. «Ўзимни ушлолмай, нафсимни тиёлмасдан орқа томонига қўлим кетиб қолди. Шарманда бўлдим», — дейди айбланувчи. У суд ҳукмига кўра 5 суткага қамалди.

Норин тумани ҳокими Шўрариқ маҳалласидаги контейнер уйга кўчиб ўтди
Наманган вилояти Норин тумани ҳокими Жўрабек Нурматов оғир шароитдаги Шўрариқ маҳалласи ҳудудига ўрнатилган контейнер уйга кўчиб ўтди. Президент топшириғи билан Шўрариқ маҳалласини Янги Наманган маҳалласига айлантириш жараёни бошланди. 4 йил аввал Наманган вилояти ҳокими ҳам контейнер уйга кўчганди.

Савдо маркази ва дўконларда истеъмол муддати тугаётган маҳсулотлар расталари ташкил этилади
Ўзбекистонда «Оқилона истеъмол» дастури йўлга қўйилади. Унга кўра, савдо маркази ва дўконларда истеъмол муддати тугаётган маҳсулотлар растаси ташкил этилади. Ошхона ва ресторанларда ёғ-мой тутгич ускуналари ўрнатилади. Ускуна йиғган чиқиндидан хўжалик совунлари ва ҳайвон озуқалари ишлаб чиқарилади.

1FIT реклама қонунчилигини бузгани учун жаримага тортилди
Рақобат қўмитаси 1FIT`нинг ижтимоий тармоқлардаги рекламаларини «бўрттирувчи маъно ифодаланган» деб топди ва унга нисбатан реклама қонунчилиги бузилиши юзасидан жарима қўллади.

Самарқандда Италиянинг Тушиа университети филиали очилади
Самарқандда Италиянинг Тушиа университети филиали очилади. Филиалнинг расмий очилиш маросими 30 сентябрь куни ўтказилади. Ўқув йили 2026 йил январидан бошланади. ОТМ қишлоқ хўжалиги йўналиши бўйича таълим беради.

Дам олиш кунлари ҳарорат кўтарилади
Ўзбекистонда дам олиш кунлари ҳарорат аста-секин кўтарилади. Ҳаво якшанба куни +32…+34 даражагача исийди. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши ҳам мумкин.

Ҳайдовчилик гувоҳномасини энди онлайн тиклаш мумкин
Ўзбекистонда ҳайдовчилик гувоҳномасини my.gov.uz портали орқали онлайн тиклаш мумкин бўлди. Энди йўқотилган гувоҳномани тиклаш учун ЙПХ биносига бориш шарт эмас. Хизмат нархи — 370 800 сўм. Ҳужжат 1 иш кунида расмийлаштирилади.

Сурхондарёда судья ёрдамчиси пора олишда гумонланиб қўлга олинди
Жиноят ишлари бўйича Термиз тумани суди судья ёрдамчиси қариндоши воситачилигида 800 доллар олган вақтида ушланди. У фуқарога маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иши бўйича енгиллик яратиб бермоқчи бўлган ва олдиндан 500 минг сўм олган.

2024 йилда судлар коррупция учун озодликдан маҳрум қилиш жазосини кўпроқ қўллади, аммо асосий жазо ахлоқ тузатиш ишлари бўлиб қолмоқда
2024 йили Ўзбекистонда коррупция учун судланган ҳар беш кишидан бири озодликдан маҳрум қилинди. Бундай ҳукмлар бироз кўпайган бўлса-да, судланганларнинг 40 фоизидан кўпи ҳали ҳам ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланмоқда. Озодликни чеклаш шаклидаги ҳукмлар камайди, жарималар улуши эса ўсди.

Қашқадарёда 2 ёшли қиз машинада қолиб кетиб, вафот этишига сабабчи боғча раҳбари 3 йилга қамалди
Косон туманида 2 ёшли қиз машина ичида қолиб кетиб, димиқиб вафот этганди. Болани машинасида унутиб қолдирган боғча раҳбари суд томонидан 3 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Ўзбекистонда материаллари тарқатилиши тақиқланган саҳифалар рўйхати янгиланди
Олий суд экстремизм, терроризм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган деб топилган, аҳоли орасида ихтилоф ва тушунмовчиликлар, мутаассиблик ҳамда экстремистик, террористик ташкилотлар ва уларнинг ғоявий етакчилари фаолиятига нисбатан хайрихоҳлик уйғотувчи материаллар рўйхатини эълон қилди.

Ихтисослаштирилган клиникалар бошқарувига замонавий менежерлар жалб қилинади
Ихтисослаштирилган клиникаларда даволашнинг халқаро стандартларини жорий этиш режалаштирилмоқда. Шу боис уларнинг фаолияти қайта кўрилади, бошқарувга замонавий ва профессионал менежерлар жалб этилади. Президент йиғилишида туркиялик мутахассислар ишлаётган онкология маркази мисол қилиб келтирилди.

2025 йилнинг январь-август ойларида 300 га яқин болага ҳимоя ордери берилди — ИИВ вакили
2025 йилнинг 8 ойида 300 га яқин болага ҳимоя ордери берилди. ИИВ бошқармаси бошлиғи Нилуфар Ғиёсовага кўра, бу ҳужжат бир ойга берилади, вазият ўзгармаса, узайтирилади. «Ҳимоя ордери зўравонлик ортганини англатмайди. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун ҳам берилади», — дея аниқлик киритди у.

Она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш миллий дастури қабул қилинади
Ўзбекистон 2030 йилгача 6 ойгача бўлган болаларнинг камида 70 фоизи фақат она сути билан озиқлантирилишига эришмоқчи. Шу мақсадда она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш миллий дастури жорий этилади: шифокорлар ўқитилади, оналар билими оширилади, сунъий маҳсулотлар рекламаси чекланади.

13 нафар ўзбекистонлик Украинада меҳнат қуллигидан озод қилинди
Украина ҳуқуқ-тартибот идоралари 13 нафар Ўзбекистон фуқаросини мамлакатга олиб келган ва уларни ноқонуний ушлаб туриш вақтида Киев вилоятидаги қишлоқ хўжалиги корхоналарида ишлашга мажбурлаган бир гуруҳ шахсларни қўлга олди.

ЖЧда юқори натижаларга эришган спортчиларга BYD автомобили ва пул мукофотлари топширилди
Бокс, оғир атлетика, байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича жаҳон чемпионатларида медаллар олган жами 13 нафар спортчи ва уларнинг мураббийларига BYD автомобиллари ва пул мукофотлари топширилди. Улар орасида Руслан Нурудинов, Артур Гулиев, Абдумалик Халоков ва Асадхўжа Мўйдинхўжаевлар ҳам бор.

Аброр Имомхўжаевдан тақриз: «Кўринмас медаль»ни кўриб…
Таниқли футбол журналисти Аброр Имомхўжаев Gazeta’нинг «Кўринмас медаль» ҳужжатли фильмини «10−15 йилдан кейин ҳам долзарблигини йўқотмайдиган иш», деб атади. Айни вақтда, фильмни янада бойитиши мумкин бўлган баъзи жиҳатлар эътибордан четда қолганини ҳам таъкидлади. Тақриз.

АҚШ Афғонистондаги Баграм авиабазасини ўз назоратига қайтармоқчи — Трамп
АҚШ 2021 йилда Афғонистонда қолдирилган Баграм авиабазаси устидан назоратни қайтариб олмоқчи. «Уларга текинга бериб юбордик. Биз уни қайтаришга ҳаракат қиляпмиз», — деди Дональд Трамп. «Толибон» бундай келишувга тайёр эмаслигини маълум қилди.

«Толибон» университетларда аёллар ёзган китобларни ўқитишни тақиқлади
Афғонистондаги олий ўқув юртларида аёллар ёзган китобларни ўқитиш «шариат ва „Толибон“ сиёсатига зидлиги» учун тақиқланди. Шунингдек, 18 та фан тақиққа учради, улар орасида «Гендер ва ривожланиш», «Мулоқотда аёлларнинг роли» бор. Аввалроқ 10 та провинцияда оптик толали интернет тақиқланганди.

ЕИ Россияга қарши санкцияларнинг 19-пакетини эълон қилди
Европа Иттифоқи Россияга қарши 19-санкциялар пакетини қабул қилди. Ундан энергетика ва молия соҳаларидаги чекловлар, жумладан, учинчи давлатлар банклари ва компанияларига нисбатан санкциялар жой олган.
Бизни ўқиётганингиз учун раҳмат!
