• Пт. Ноя 7th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

22 сентябрь куни эълон қилинган энг муҳим янгиликлар дайжести – Ўзбекистон янгиликлари – Gazeta


Шавкат Мирзиёев Туркманистонни мустақиллик куни билан табриклади

Шавкат Мирзиёев Сердар Бердимуҳамедов билан телефон мулоқотида Туркманистон президенти ва халқини 27 сентябрь — мамлакат мустақиллиги куни билан табриклади. Ўзбекистон президенти ҳамкасбини туғилган куни билан ҳам қутлади.


дайжест

«Хавфли прецедент яратади». Жамоатчилик — Қурилиш вазирлигининг коррупцияни гапирган тадбиркор устидан ариза киритгани ҳақида

Жамоатчилик Қурилиш вазирлигининг соҳада коррупция борлигини айтган тадбиркор устидан ИИВга ариза киритганини қоралади: «бу ҳолатда вазирлик, аксинча, унга раҳмат айтиши керак эди». «Қурилиш соҳасида коррупция йўқми?» деб ажабланганлар ҳам бўлди. Бизнес омбудсман шикоятни таъқиб сифатида баҳолаган.


дайжест

Хитой тажрибасига жуда катта эътибор бериляпти — Жамшид Қўчқоров камбағалликни қисқартириш сиёсати ҳақида

Жамшид Қўчқоров камбағалликка қарши курашиш сиёсатида Хитой тажрибасига катта эътибор берилаётганини таъкидлади. У, шунингдек, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш сиёсатининг асосчиси ва муаллифи эканини, бу сиёсат халқаро ҳамжамият томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланаётганини айтди.


дайжест

Аввалги ҳокимлар «янги Ўзбекистон» ҳокимларига ҳавас қилади — Шавкат Абдураззоқов

Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов аввалги ҳокимлар «янги Ўзбекистон» ҳокимларига ҳавас қилишини, президент ҳар бир топшириқни маблағи, ҳисоб-китоби ва қонунчилиги билан таъминлаб, кейин беришини таъкидлади. Шунингдек, у ўзини энг кўп қийнаётган муаммо кадрлар етишмовчилиги эканини айтди.


дайжест

Ўзбекистонда банк омбудсмани ташкил этилиши мумкин

Ўзбекистон Марказий банки банк хизматлари бўйича омбудсман институтини жорий қилишни режалаштирмоқда. Регулятор раҳбари ўринбосарининг сўзларига кўра, янги тузилма банклар ва тадбиркорлар ўртасида ҳозирда судгача бўлган низолар сонини сезиларли даражада камайтиради.


дайжест

Ўзбекистон саккиз ойда 2023 йилги рекорд кўрсаткичдан ҳам кўпроқ олтин экспорт қилди

Йил бошидан буён Ўзбекистон 8,42 млрд долларлик олтин экспорт қилди — бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 1,7 баробар кўп. Олтин етказиб бериш бутун 2024 йилдаги кўрсаткични, шунингдек, 2023 йилдаги рекордни ҳам ортда қолдирди.


дайжест

Енгил саноатни ривожлантириш агентлигининг вазифалари белгиланди

Президент фармони билан Енгил саноатни ривожлантириш агентлигининг вазифа ва ваколатлари белгиланди. Унга кўра, янги агентлик, хусусан, халқаро брендларни жалб қилиш, стандартларни жорий этиш, хорижий давлатларда савдо уйларини очиш билан шуғулланади.


дайжест

Ўзбекистонда 22−28 сентябрь кунлари об-ҳаво қандай бўлади? Gazeta шарҳи

Ўзбекистонда жорий ҳафта салқин ва қуруқ ўтади. Ҳафта боши ва ўрталарида кундузи қуёшли, аммо танга хуш ёқувчи, тунда ва тонгда эса этни жунжитадиган совуқроқ муҳит кузатилиши кутилади. Ҳафта давомида мамлакатда, тоғларни ҳисобга олмаса, ёғингарчилик деярли кузатилмайди.


дайжест

Сирдарёда 15 ёшли ўсмир отасининг машинасида ЙТҲга учради, икки бола ҳалок бўлди

Сирдарё туманида 15 ёшли ўсмир дадасининг машинасида зовурга тушиб кетди, икки бола ҳалок бўлди. У Lacetti машинасини отасидан берухсат олиб, катта тезликда ҳайдаган. Машина салонидаги икки йўловчи воқеа жойида вафот этган, ҳайдовчи эса жонлантириш бўлимига ётқизилган.


дайжест

Сурхондарёда 15 ёшли қиз турмушга берилди, айбдорларга жарима қўлланди

Денов туманида 15 ёшли қиз турмушга берилгани аниқланди. Ижтимоий ҳимоя агентлиги аввалроқ оила огоҳлантирилганини маълум қилди. Шунга қарамай қизни турмушга чиқарилган. Агентлик айбдорларга жарима қўлланганини маълум қилди.


дайжест

Тошкентда мушукни қийнаган Хитой фуқароси 5 суткага қамалди

Тошкентда мушукка шафқатсиз муносабатда бўлган Хитой фуқароси жавобгарликка тортилди. У мушукка қайта-қайта қайноқ сув қуйган ва уни идишда ушлаб, ташқарига чиқишга қўймаган. Эркакка 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. «Меҳр ва Оқибат» унинг Ўзбекистондан депортация қилинишига эришмоқчи.


дайжест

Ўзбекистонга олиб кириладиган транспортларни экологик сертификатлаш бекор қилинади

Ўзбекистонга олиб кириладиган М ва N тоифалардаги транспорт воситаларининг экологик тоифа талабларига мувофиқлигини экологик сертификатлаш тартиби бекор қилинади.


дайжест

Энди иситиш ва иссиқ сув таъминоти учун тўловлар алоҳида кўрсатилади — Veolia Energy Tashkent

Тошкентда энди иситиш ва иссиқ сув таъминоти хизматлари учун тўловлар алоҳида кўрсатилади. Veolia Energy Tashkent маълум қилишича, компания сайтида шахсий кабинетга янги хусусият қўшилган бўлиб, унга кўра, энди тўловлар иситиш ва иссиқ сув таъминоти каби икки турдаги хизматларга бўлинади.


дайжест

Қирғизистондаги зилзила кучи Фарғона вилоятида сезилди

Қирғизистоннинг Боткен вилоятида 3 балли зилзила қайд этилди. Унинг кучи Фарғона вилоятида 2 балл кўринишида сезилди.


дайжест

ХДП мопед ва скутерларни бошқариш учун «права» талабини кейинги йилга қолдиришни таклиф қилди

Халқ демократик партияси 1 октябрдан мопед ва скутерларни бошқариш учун ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб этилишига қарши чиқди. Партия ушбу талабни кейинги йилга қолдирган ҳолда, ҳайдовчилик гувоҳномаси ва давлат рақамини олиш учун муддатлар ва тўловлар миқдорини қайта кўриб чиқишни таклиф қилди.


дайжест

Ногиронликни белгилашда ягона стандартлар ва электрон тизим жорий этилади

Ногиронликни белгилашда ягона стандартлар ва электрон тизим жорий этилмоқда. Ногиронликни белгилаш масаласида «Инсон» марказлари, ижтимоий ходимлар, my.gov.uz портали ва оилавий шифокорлар орқали мурожаат қилиш мумкин. Касалликдан келиб чиқиб индивидуал даволаниш муддатлари белгиланди.


дайжест

Бойсун тоғларидан 9200 йиллик меҳнат қуроллари ва ёввойи донли ўсимликлар қолдиқлари топилди

Бойсун тоғларидаги Тўда ғорида қадимий меҳнат қуроллари ва ёввойи донли ўсимликлар қолдиқлари топилди. Дастлабки хулосаларга кўра, улар 9200 йил аввалги даврга оид. Топилмалар минтақа қадимий аҳолиси овчилик ва теримчилик билан бир қаторда илк деҳқончилик амалиётларидан ҳам фойдаланганини кўрсатади.


дайжест

Тошкентда болаларга нисбатан уятсиз ҳаракатлар қилган эркак иши қўшимча терговгача текширувга қайтарилди

Тошкент шаҳри судининг апелляция судлов ҳайъати вояга етмаган қизларга жинсий аъзосини кўрсатган эркакнинг ишини қўшимча терговга қадар текширувга қайтарди. Аввалроқ биринчи инстанция суди қарорига кўра гумонланувчи майда безорилик учун бор-йўғи 5 суткага қамалган эди.


дайжест

Фото: Тошкентда қаерда самолётлар парвозини томоша қилиш мумкин?

Тошкентликлар орасида оилавий ҳордиқнинг ўзгача бир шакли оммалашяпти: дам олиш кунлари ё ҳаво очиқ бўлган оқшомларда одамлар бола-чақаси билан Тошкент аэропортининг ортидаги Қўшқўрғон маҳалласига келяпти. Нега дейсизми? Самолётларни томоша қилгани. Gazeta мухбири Шоҳрух Ҳайдаров фоторепортажи.


дайжест

Истанбулда ўзбекистонлик 36 ёшли аёл пичоқлаб ўлдирилди

Истанбулда 36 ёшли ўзбекистонлик аёл яшаш манзилида пичоқлаб ўлдирилди. Бош консулхона аёл илгари депортация қилингани, аммо исм-фамилиясини ўзгартириб, яна Туркияга борганини аниқлади. Қотил топилганича йўқ, жасадни Ўзбекистонга юбориш чоралари кўрилмоқда.


дайжест

«Ҳамма ерда ҳам элнинг дарди эрк». Карим Баҳриев билан «Дунё шеърияти» антологияси тақдимоти олдидан суҳбат

Журналист ва таржимон Карим Баҳриев 45 йил давомида дунёнинг 150 га яқин мамлакати шоирлари шеърларини таржима қилди. Уларнинг бари уч жилдлик антологияга жам бўлди. Ушбу тўплам ўзбек тилида шу вақтгача бўлган шеърий таржималар географиясини камида икки баробарга кенгайтирди.


дайжест

Ўзбекистонда иш ҳафтаси иссиқ ўтади

Ўзбекистонда иш ҳафтаси давомида ҳаво бироз булутли бўлиши кутилмоқда, Тошкент вилояти ва Фарғона водийсида вақти-вақти билан ёмғир ёғиши мумкин. Кечаси +12…+17 даража, кундузи +24…+29 даража бўлади.


дайжест

Тошкент аэропортида ноқонуний олиб кирилаётган iPhone 17 смартфонлари тўхтатиб қолинди

Қатардан жами 230 миллион сўмлик 9 та iPhone 17 смартфонларини Ўзбекистонга олиб кирмоқчи бўлган фуқаро ушланди. Ҳолат юзасидан фуқарога нисбатан тегишли процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилиб, божхона суриштирув жараёнлари олиб борилмоқда.


дайжест

Тошкентда бир автобус қизни босиб кетди, бошқаси эркакни уриб юборди

Яккасарой туманида 62-сонли автобус йўлни кесиб ўтаётган эркакни уриб юборди. Янгиҳаёт туманида эса 57-сонли автобус қайрилиб олиш чоғида 18 ёшли қизни босиб кетди. Ҳар иккала ҳолатда пиёдалар шифохонага олиб борилган ва тез тиббий ёрдам кўрсатилган. Ҳозирда суриштирув ишлари олиб борилмоқда.


дайжест

ОТМларда ўқишга киролмаганлар учун қўшимча қабул ўтказилади

Ўзбекистон ОТМларида 25 сентябрдан 3 октябрга қадар (шу куни ҳам) бакалавриат таълим йўналишлари вакант ўринларига қўшимча қабул ўтказилади. Унда 56,7 балл ва ундан юқори натижа кўрсатган, бироқ талабаликка тавсия этилмаган абитуриентлар иштирок этиши мумкин.


дайжест

Ўзбекистонда инсон органлари савдоси билан шуғулланган жиноий гуруҳ фош этилди

ДХХ ва ИИВ инсон аъзолари ва тўқималари савдоси билан шуғулланган 12 кишидан иборат гуруҳни қўлга олди. Гуруҳ донорларни қариндошчилик ниқоби остида ноқонуний орган трансплантацияси учун хориждаги хусусий клиникага юборган. Икки йил давомида улар 32 та трансплантацияни амалга оширган.


дайжест

Одам савдосида айбланган аёл Туркиядан Ўзбекистонга депортация қилинди

Туркияда Соня лақаби билан танилган ўзбекистонлик аёл одам савдосида айбланиб қўлга олинди. У аёлларни фоҳишалик қилишга мажбурлаган жиноий гуруҳ таркибида фаолият юритганликда гумонланган. Аёл Туркия ва Ўзбекистон ички ишлар вазирликлари томонидан депортация қилинди.


дайжест

«Супер контракт» миқдорини энди ОТМ ректорлари белгилайди

Ўзбекистон ОТМларида табақалаштирилган тўлов-контракт миқдори энди муассаса ректорлари томонидан белгиланади. Бунда қабул чегараларига 4,05 баллдан ортиқ балл етмаган абитуриентлар учун табақалаштирилган тўлов-контракт миқдорлари базавий контрактнинг 3 баробаридан кам бўлмаган миқдорда белгиланади.


дайжест

Хитойнинг CITIC компанияси 246 млн долларга Пунгон — Наманган йўлини реконструкция қилмоқда

Хитойнинг CITIC Construction компанияси Фарғона водийсидаги энг тирбанд йўллардан бири ҳисобланган Пунгон — Наманган йўлининг 75 километрлик қисмини реконструкция қилмоқда. Лойиҳа якунлангач, йўл бетон қопламали ва тўрт тасмали бўлади, унинг ўтказувчанлик қобилияти эса 3 баробарга ошади.


дайжест

Ёшлар етакчиларига тенгдошларида ўзига ишонч ва ўз тақдири учун масъулият ҳиссини кучайтириш топширилди

Президент фармонига кўра, Ўзбекистонда ёшлар етакчилари ёшларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш, тадбиркорлик кўникмаларини кучайтириш ва бандлигига кўмаклашиш билан шуғулланади. Шунингдек, Ёшлар ягона электрон платформаси ишга туширилади.


дайжест

АҚШ Марказий Осиёдаги ахборот урушида таслим бўлди, бу Россия ва Хитой таъсири учун бўшлиқ яратди — Дэниел Розенблюм

АҚШнинг Ўзбекистон ва Қозоғистондаги собиқ элчиси Дэниел Розенблюм АҚШ Марказий Осиёдаги ахборот урушида «таслим бўлиб», Москва ва Пекинга йўл очганини айтди. У буни Трампнинг USAID дастурларини йўқ қилгани, ОАВни молиялаштиришни тўхтатгани билан боғлаб: «Ҳозир энг катта муаммомиз — ўзимиз», — деди.


дайжест

Португалия ҳам Фаластин давлатини тан олди

Португалия Буюк Британия, Канада ва Австралиянинг ортидан Фаластин давлатини тан олганини эълон қилди. Ташқи ишлар вазирининг айтишича, унинг ҳукумати «гуманитар ёрдамнинг киришига қўйилган чекловлар, аҳолининг кўчирилиши, Ғазодаги очарчилик, мактаблар, шифохоналарнинг вайрон бўлиши»ни қоралайди.


дайжест

«Толибон» Баграм авиабазаси назоратини АҚШга топширмоқчи эмас

«Толибон» Трампнинг 2021 йилда Афғонистонда қолдирилган Баграм авиабазасини қайтариш талабига муносабат билдирди ва «ўтмишдаги муваффақиятсизликларни такрорламаслик»ка чақирди. «АҚШ… ички ишларга аралашмасликка ваъда берган, у ўз мажбуриятларига содиқ қолиши керак», — дейилади баёнотда.


Бизни ўқиётганингиз учун раҳмат!



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *