Шаҳарда яшовчилар ҳар тонг иш ё ўқишга жамоат транспортида, таксида ё шахсий машинасида боради. Йўллар қанчалик тирбанд, вагонлар қанчалик диққинафас бўлмасин, ҳарна қулайлик-да. Аммо Ўзбекистоннинг шундай нуқталари борки, у ерда одамлар иш-юмуш ё тўю маъракага кўпинча беминнат жонли улов — эшакда қатнайди.

Бойсуннинг Хўжаидод маҳалласи Назарий қишлоғида яшовчи ўқитувчи Абдусалом Исоев ўқувчиларга сабоқ бериш учун ҳар куни эшак миниб, 6 км йўл босади. У тумандаги 44-мактабнинг шу қишлоқдаги филиалида математикадан дарс беради.
Тоғ ўнгирларию тепаликларида бир амаллаб пиёда юрса бўлади. Тоғда ўсаётган ёшу яланг, кўпчилик ўқувчилар учун бу унчалик оғир юмуш эмасдек. Аммо ёши катталар чарчаб қолади.
Абдусалом Исоев
«Эшак билан дарсга қатнайдиган тўрт-беш муаллим бор. Ёш ўтган сайин, шунга мажбур бўларкан одам», — дейди бир кам 50 га кирган Абдусалом ака йўл чарчоғи билан дарс ўтиш қийинлигига урғу бераркан.
У саҳар туриб эшакни «кийинтиради», тўқим солади, устидан тоза кўрпача, узанги ташлайди (узангига илинган оёқ толмайди). Нонуштадан сўнг иш кийимларини кийиб, эшакка минади ва чайқала-чайқала мактаб томон йўл юради.
Эшак мактаб дарвозаси олдида қолади: кўчадаги ўт-ўланни эрмак қилса ҳам, дарс тугагунча қорни тўқ-да жониворнинг. Ўқувчиларнинг эшак билан деярли иши йўқ, устозининг эшакда юргани уларга ажабтовур кўринмайди.
Бугун Абдусалом аканинг мактабда уч соат дарси бор. Бир қатор ўқувчилари математика олимпиадаларида қатнашяпти. У қишлоқ болалари яхши ўқиб, олимпиадаларда юқори ўринларни олиб, тест имтиҳонларда қийналмай, грантда ўқишини хоҳлайди. Бунинг учун қўлидан келганини қиляпти.


Тушдан кейин уйга қайтади. Уйда ҳам иш кўп — ўтин чопади, ёнғоқ теради, молларга қарайди ва ҳоказо. Қишлоқда бекорчиман деган одам ҳам қандайдир юмуш билан андармон. Буёғига қиш ҳам яқин, тараддуд кўриш керак.
Абдусалом аканинг уйи Гулибоғ кўчасида жойлашган. Бу кўча тўғри мактабга олиб боради, йўл-йўлакай қишлоқ оралаб оқувчи Шотут дарёсини кесиб ўтади. Шу кунларда, яъни, куз бошида бу сувликни кечиб ўтиш қийин эмас, аммо баҳорда, март-апрель ойларида бу ердан ўтиш амри маҳол.
Ҳар кўкламда дарё тошади, кўприкни эса сел олиб кетади. Сувнинг шашти пасайиб, янги кўприк солинмагунича қишлоқ муаллимлари, хусусан, Абдусалом ака ҳам уйма-уй юриб дарс беришга мажбур.
2025 йил апрел ойида сел сабаб дарёдан машинада ўтишнинг имкони бўлмаган
Қишда бошқа муаммо — қалин қор йўлларни кўмиб ташлайди. Мактаб ишчилари, фаррошлар, муаллимлар шунда ҳам бўш келмайди — 80 га яқин ўқувчи мактабга бориб-келадиган бу йўлни кураб, қордан тозалайди.
Дарё кечиб дарсга бораётган ўқувчилар
Абдусалом муаллимни шаҳарнинг сеҳри билан алдолмайсан. У шу тоғда туғилган, унга шу ерлар қадрли. Бирор юмуш билан туман марказига тушса ҳам, тезроқ уйга қайтишни, зиммасидаги ўқитувчилик вазифасини сидқидилдан бажаришни ўйлайди.
Бунинг учун унга қадрдон эшагининг кўмаги бўлса бас.