Болаларнинг овқатдан заҳарланиши юз берган Тошкент вилоятидаги барча мактабгача таълим муассасалари ўз фаолиятини 2 октябрдан бошлаб одатий иш режимида давом эттиради, дея хабар бермоқда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги.
Қайд этилишича, барча болалар соғайиб, уларнинг саломатлигига хавф йўқлиги тўлиқ тасдиқланган ва уйларига қайтарилган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда воқеа тафсилотлари ҳар томонлама ўрганилмоқда. Камчиликлар аниқланса, тегишли шартномалар қайта кўриб чиқилади ёки бекор қилинади.
Вазирлик ўз масъулиятини чуқур ҳис қилган ҳолда овқатланиш хизматлари хусусий корхоналар томонидан йўлга қўйилган боғчалар ва аутсорсинг хизматлари сифатини назорат қилиш механизмларини янада кучайтиришини билдирди.
Бу жараёнга ота-оналар, экспертлар ва журналистлардан иборат жамоатчилик комиссияси ҳам жалб этилиб, уларнинг хулосалари жамоатчиликка мунтазам етказиб борилади.
Вазирлик болаларга овқатланиш хизмати кўрсатаётган барча ташкилотларга мурожаат қиларкан, болалар соғлиги — энг катта масъулият экани, санитария талабларига беписандлик ёки озиқ-овқат сифати ҳисобига харажатларни қисқартиришга мутлақо йўл қўйилмаслигини эслатиб ўтди.
ММТВ бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун прокуратура идоралари, Иқтисодиёт ва молия ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликлари билан тизимли чоралар кўрилишига ишонтирди ва тадбирлар нафақат мавжуд ҳолатни бартараф этишга, балки келгусида бу каби ҳолатларнинг такрорланишини олдини олишга ҳам қаратилганини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, воқеа бўйича 25 сентябрь куни Жиноят кодексининг 257−1-моддаси 1-қисми (Cанитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган ва 7 нафар шахс ушланган. Уларнинг 3 нафари маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхона, қолгани аутсорсинг компаниялари мансабдор шахслари.
Gazeta Оққўрғон туман тиббиёт бирлашмасида бўлиб, вазиятни ўрганиш ҳамда ота-она ва мутасаддилардан маълумот тўплашган ҳаракат қилган.
Шунингдек, нашр боғчаларга озиқ-овқат етказиб берувчи аутсорсинг компаниялари Shark Milk Product’дан сут маҳсулотларини сотиб олиши ва ушбу компания ҳақида мақола эълон қилганди.
