Ўзбекистон ва АҚШ 3−4 млрд долларлик энергетика лойиҳалари бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди, деб ёзади Spot.
Вазирнинг айтишича, Американинг Air Products компанияси янги инвестициялар киритиш ва фаолият йўналишларини диверсификация қилишга тайёрлигини билдирган.
Энергетика вазирлиги газ-транспорт тизимида ёки мавжуд компрессор станцияларида ва газдан фойдаланувчи сиқув компрессор станцияларида газ агрегатларини электр двигателларига алмаштириш бўйича йирик келишувларга эришди. АҚШнинг Экспорт-импорт банки ушбу лойиҳаларни молиялаштиришга катта қизиқиш билдирганини ҳам вазир қўшимча қилди.
Қазиб олиш соҳасида эса вазирлик Schlumberger ва Baker Hughes билан янги технологиялар, тажриба ҳамда бошқарув услубларини қўллаш ҳақида келишувларга эришди. Шунингдек, «Ўзбекнефтгаз» ва Gulf бутун республика бўйлаб ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғини яратишни назарда тутувчи 100 млн долларлик меморандумни имзолади.
Унинг сўзларига кўра, компрессор станцияларида агрегатларни алмаштириш икки-уч йиллик дастур доирасида камида 800 млн доллар деб баҳоланмоқда. Бу ишларни мувофиқлаштирувчи Pan-Asia маълумотларига кўра, АҚШнинг Эксимбанки 852 млн доллар миқдорида кредит линияси очишга тайёрлигини билдирган.
Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг айтишича, барча янги келишувларни, жумладан Air Products билан кўмирни газлаштириш, синтез-газ олиш ва ундан аммиак, метанол ҳамда қўшимча қийматга эга бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ҳисобга олганда, уларни яқин келажак учун умумий қиймати тахминан 3−4 млрд доллар атрофидаги истиқболли янги лойиҳалар сифатида баҳолаш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 22 сентябрь куни Шавкат Мирзиёев Нью Йорк шаҳрида АҚШ ишбилармонлари билан учрашув ўтказди. Унда президент компания раҳбарларига Ўзбекистон салоҳияти ҳақида маълумот берди. Шундан сўнг Ўзбекистондаги давлат ташкилотлари вахусусий компаниялар АҚШ компаниялари билан ҳамкорликка оид камида 10 та битимни имзолади.
Шавкат Мирзиёев ва АҚШ президентининг махсус вакили Сержио Гор учрашувида турли соҳаларда 100 млрд доллардан зиёд шартнома валойиҳалар портфели шакллантирилгани айтилди. Улар фуқаролик авиацияси, тоғ-кон саноати, муҳим минераллар, молия, инновациялар, кимё, энергетика вабошқасоҳаларни қамраб олади.