Digital Bridge 2025 халқаро форуми доирасида Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Telegram мессенжери асосчиси Павел Дуров билан учрашди, деб хабар бермоқда Акорда.

Суҳбатда таълим, сунъий интеллект ва киберхавфсизлик соҳаларидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилингани айтилди.

Президент Telegram`нинг мамлакатимиз рақамли кун тартибини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш борасидаги фаолиятини юқори баҳолади, дейилади хабарда.

telegram, қозоғистон, павел дуров

Маълум қилинишича, компания расман Astana Hub аъзосига айланди, Қозоғистонда ўз офисини очди ва AIem.Ai. марказида сунъий интеллект лабораторияларини ишга туширди. Alem.ai СИ соҳасида мутахассисларни ўқитиш, стартапларни ишга тушириш ва илмий тадқиқотларни амалга ошириш учун платформа саналади.

Қўшимча қилинишича, Павел Дуров Тоқаевга сунъий интеллект соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари ҳақида сўзлаб ҳам берди.

2024 йилнинг июль ойида Дуров Қозоғистонга саёҳат қилганди. У ушбу мамлакатни Марказий Осиёнинг иқтисодий қудрати деб атаган.

Ўшанда Дуров мамлакатдаги 20 миллион аҳолининг 12,5 миллиони Telegram`дан фойдаланиши, бу 2023 йилга нисбатан 25 фоизга кўп эканини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, мессенжер асосчиси ўтган йилда Ўзбекистон ва Қирғизистонга ҳам борган. Gazeta`нинг икки манбаси Павел Дуров Ўзбекистон расмийлари билан Telegram банк очиш, шунингдек, Toncoin криптовалютасини қонунийлаштириш масаласини муҳокама қилгани ҳақида хабар берган.