Сентябрда Ўзбекистонда ойлик инфляция кўрсаткичи 0,6 фоизгача (августда — 0,4 фоиз) тезлашди, йиллик ҳисобда эса 8 фоизгача (августда — 8,8 фоиз) сезиларли секинлашди. Миллий статистика қўмитаси сентябрь ойи учун истеъмол нархлари индекси шарҳини эълон қилди.
Йиллик инфляциянинг сезиларли секинлашуви ўтган йили юқори солиштирма вазнга эга бўлган айрим товарлар бўйича юқори база таъсирининг йўқолиши билан изоҳланиши мумкин. Хусусан, 2024 йил сентябрь ойида картошка нархи 11 фоизга ошган бўлса, бу йил 0,4 фоизга арзонлашди. Пиёз нархи ўтган йили сентябрь ойида 10 фоизга кўтарилган, бу йил 3,6 фоизга пасайди. Шунингдек, пропан нархи ўтган йили 15,7 фоизга қимматлашганди, жорий йилнинг сентябрь ойида 1 фоизга пасайди.
Сентярь ойида инфляция ўтган йилнинг шу даври (1,2 фоиз)га нисбатан сезиларли паст шаклланди. Ўтган тўққиз ойлик даврда инфляция кўрсаткичининг ўртача ойлик ўсиш суръати 0,5 фоизни ташкил этди. Мева-сабзавот нархлари ўзгаришини ҳисобга олмаганда, ойлик инфляция кўрсаткичи 0,5 фоиз (2024 йил сентябрида 1,2 фоиз), йиллик ҳисобда — 8,9 фоиз (12,5 фоиз)ни ташкил этди.
Бир ой ичида озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ўртача 0,9 фоизга (ўтган йилнинг сентябрь ойида 1,4 фоиз), ноозиқ-овқат маҳсулотлари ва хизматлар нархи эса 0,3 фоизга (мос равишда 0,8 фоиз ва 1,5 фоиз) кўтарилди.
Сентябрда асосий маҳсулотлардан тухум нархида энг юқори ўсиш кузатилди, лекин йиллик ҳисобда у 3,4 фоизга арзонлашди. Шунингдек, гўшт маҳсулотлари бироз қимматлашди. Йиллик ҳисобда ўсимлик ёғи ҳамда гўшт маҳсулотлари нархида кескин ўсиш қайд этилди. Сентябрда маҳаллий гўшт нархининг ўсиши давом этди, шу билан бирга, музлатилган импорт мол гўшти 1 килограмм нархида 5000 сўм атрофида кўтарилиш кузатилди, дейилади қўмита шарҳида.
Умуман, ой давомида асосий маҳсулотлар нархлари қуйидагича ўзгарди:
- тухум — 6,5 фоиз (йиллик ҳисобда — -3,4 фоиз);
- суяксиз мол гўшти — 1,8 фоиз (+25,2 фоиз);
- суякли мол гўшти — 1,7 фоиз (+23,2 фоиз);
- қўй гўшти — 1,5 фоиз (+26,8 фоиз);
- парранда гўшти (товуқ болдиридан ташқари) — 1,2 фоиз (+7,3 фоиз);
- товуқ болдири ва сон қисмлари — 1,1 фоиз (+6,7 фоиз);
- мол гўшти қиймаси — 1 фоиз (+16,2 фоиз);
- сут — ўртача 0,6 фоиз (+7 фоиз);
- қаттиқ пишлоқ — 1,2 фоиз (+7 фоиз);
- ўсимлик мойлари — 0,6 фоиз (+29,1 фоиз);
- шакар — 0,7 фоиз (-3,2 фоиз).
Ой давомида асосий мева-сабзавот маҳсулотларидан помидор — 16,9 фоизга, булғор қалампири — 10,4%, сабзи — 7,7%, тарвуз — 5,6%, қовун — 5,5%, бақлажон — 2,2 фоизга қимматлашди. Пиёз — 3,6 фоиз, карам — 2,2%, бодринг — 2,2%, лимон — 1,9%, олма 1,2% ва картошка — 0,4 фоиз нархларида пасайиш кузатилди.
Йиллик ҳисобда сабзи — 57,5 фоизга, пиёз — 22,4%, карам — 27,4%, лимон — 52,5%, картошка — 18,5 фоизга кескин қимматлашди. Айни пайтда гуруч — 18,3 фоизга, помидор — 31,5%, бодринг — 30,7%, бақлажон — 21 фоизга нархлари сезиларли пасайди.
Ой давомида дори воситалари нархи 0,2 фоизга (йиллик нисбатда 6,7 фоиз), стационар ва амбулатор даволаш хизматлари 0,2 фоизга (8,5 фоиз ва 8,7 фоиз) ва соғлиқни сақлашнинг бошқа хизматлари 0,4 фоизга (11,2 фоиз) ошди.
Бензин нархи сентябрда 1,4 фоизга (йиллик 11,8 фоиз), йил бошига нисбатан эса 5,9 фоизга (ўтган йилнинг шу даврида 0,3 фоиз) қимматлашди. Сентябрь ойида Аи-80 бензинининг нархи бир литри учун 8200−9500 сўм, Аи-91 ва Аи-92 учун 10 500 дан 13 300 сўм , Аи-95 учун 12 500 дан 15 300 сўм оралиғида ҳамда Аи-100 бензинининг нархи бир литри учун 18 000 сўмни ташкил қилди. Метан нархида сезиларли ўзгариш кузатилмади, шунга қарамай, ўтган йилнинг сентябрь ойига нисбатан 30,6 фоизга юқорилигича қолмоқда.
Ҳудудлар кесимида ойлик инфляция Қорақалпоғистон Республикаси ва Навоий вилоятларида республика бўйича ўртача кўрсаткичдан юқори бўлди. Қорақалпоғистон, Қашқадарё, Сурхондарё, Сирдарё ва Фарғонада 2025 йил сентябрь ойи учун йиллик инфляция республика бўйича ўртача кўрсаткичдан юқори шаклланди.

Сентябрда ойлик инфляция кўрсаткичи ўсишига озиқ-овқат ва спиртсиз ичимликлар нархлари юқори (умумий ўсишнинг 67,9 фоизи) таъсир кўрсатди. Январ-сентябрь ойлари учун инфляция ўсишига турар жой хизматлари, сув, электр, газ ва бошқа ёнилғи турлари, транспорт, озиқ-овқат маҳсулотлари ва спиртсиз ичимликлар, маиший товарлар ва хизматлар, соғлиқни сақлаш нархлари ва тарифларининг ўзгариши энг кўп (умумий ўсишнинг 83,6 фоизи) таъсир кўрсатди.
